ХДП ўзини мухолифат деб эълон қилди
Партия парламентда кўпчиликни ташкил этувчи "Тараққиёт блоки"нинг айрим ташаббусларига қўшила олмаслигини билдирган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзини мухолифат деб эълон қилди.
Аввал ўнг партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларининг яқинлигидан келиб чиққан ҳолда парламентдаги кўпчилик – “Тараққиёт блоки”ни тузиш тўғрисида қарор қабул қилгандилар.
ХДП "мазкур блокнинг тузилишига эътироз билдирмаган ҳолда унинг устувор вазифалари, шунингдек ҳукумат дастури ва фаолиятининг айрим йўналишларига қўшила олмаслигини" билдирган.
Хусусан:
– иқтисодиётда давлат иштироки, стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолишга эътиборнинг камлиги, уларни хусусийлаштириш қонун даражасида тақиқланмаганлиги;
– рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган пенсия тизимига ўтиш заруриятининг мавжудлиги;
– коммунал тўловлари (газ, электр ва бошқалар) масаласида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашнинг истиқболга мўлжалланган аниқ стратегияси ишлаб чиқилмаганлиги;
– улушдорлик асосида уй-жой қуриш бўйича фуқаролар улушларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш тизимининг ҳанузга қадар яратилмаганлиги;
– аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизими жорий этилмаганлиги (кўп маблағ топган, кўп тўлаши лозим тамойилини қўллаш лозим), шу жумладан қимматбаҳо мол-мулк учун солиқнинг (ҳашамат солиғи) жорий этилмаганлиги;
– фармацевтика соҳасида давлат назорати сустлиги, маҳаллий ва хорижий дори воситалари учун энг юқори чекланган нархлар белгиланмаганлиги, шу жумладан дори воситаларининг рекламаси тақиқланмаганлиги каби бир қатор масалалар партия электорати манфаатларига зид деб хисобланмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бошқа сўл партиялар, социал-демократия ғоялари тарафдорлари билан биргаликда ташаббус қилинган парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Мазкур қонун ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси учун кенгайтирилаётган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишни кафолатлайди.
Қонунчиликка мувофиқ ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.
Шу боис, партия электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, мамлакатда кучли ижтимоий сиёсат юритишни давом эттириш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси, деб эълон қилди
ХДП парламентдаги мухолифат фракцияси сифатида қуйидаги вазифаларни амалга оширишни муҳим деб хисоблайди:
– қонун лойиҳалари ва парламент муҳокамасидаги долзарб масалалар бўйича ўз сайловолди дастуримиз мақсадларидан келиб чиққан ҳолда қатъий сиёсий позициямизни билдириб бориш;
– ҳукумат ва парламентдаги кўпчиликнинг таклиф ҳамда ташаббусларини танқидий кўриб бориш, улар юзасидан ўз муносабатларимизни билдириб бориш;
– ҳукумат ва парламентдаги кўпчилик томонидан парламентга киритилган қонун лойиҳалари бўйича зарур деб кўрилган ҳолда муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва киритиб бориш;
– иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ҳукумат ҳаракат дастури ижросини танқидий баҳолаш ва ўз нуқтаи назаримизни билдириш;
– парламент назорати воситаларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан қабул қилинган қонунларнинг ҳуқумат томонидан сўзсиз ижро этилиши, қонун лойиҳаларини парламентга ўз вақтида ва сифатли киритилиши, қонунлар ижроси учун зарур бўлган қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилинишини таъминлаш устидан таъсирчан назорат олиб бориш.