Мубашшир Аҳмад яна Туркияда қўлга олинди
У 8 май куни Истанбулнинг Баҳчешеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган.

Ижтимоий тармоқларда "Мубашшир Аҳмад" тахаллус билан машҳур диний уламо Алишер Турсунов 2025 йилнинг 8 май, пайшанба куни тонгда Истанбулнинг Баҳчешеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилди. Бу ҳақда унинг ўзи асос солган "Azon Global" ахборот-таҳлилий портали маълум қилди.
Хабарда айтилишича, шу куннинг ўзида адвокатлари ёлланган. Адвокатларга Алишер Турсуновнинг Истанбулдаги Депортация марказига (Geri Gönderme Merkezi – GGM) ўтказилиши, эртасига – 9 май, жума куни эса у ердан қўйиб юборилиши айтилган.
Бироқ орадан 4 кун ўтган бўлса-да, Иммиграция бошқармаси (Göç İdaresi) А.Турсуновнинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни ҳақида адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам ҳеч қандай маълумот бермаган.
"Ваҳоланки, Туркия қонунчилигига кўра, назоратда ушлаб турилган шахснинг оиласига бу ҳақида маълумот берилиши, унинг ўзига ҳам яқинлари билан мулоқот қилишга изн этилиши белгилаб қўйилган. Ҳозиргача ҳатто адвокатлари ҳам домладан бирор хабар ололмаётганидан, ақалли қаерда сақланаётганини ҳам билолмаётганидан оиласи ва яқинлари асосли равишда хавотирга тушишмоқда. Боиси устоз Мубашшир Аҳмад узоқ йиллардан бери қандли диабет ва юқори қон босимидан азият чекиб келади ҳамда мунтазам равишда инсулин ва бошқа дорилар қабул қилишга мажбур", – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, у 2023 йил декабрда ҳам Истанбулда ушланганди.
2025 йил февралда Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонда қидирувга берилгани маълум бўлганди.