platina.uz
Жаҳон

АҚШнинг Яманга ҳужуми сабаб 30 нафар африкалик ҳалок бўлди

Ушбу муҳожирлар Саудия Арабистонига ишлашга ўтиш умидида Яманга келган. 

АҚШнинг Яманга ҳужуми сабаб 30 нафар африкалик ҳалок бўлди

АҚШ ҳаво кучлари Ямандаги ҳусийларнинг қароргоҳи жойлашган Саъда вилоятига ҳужум қилди.

28 апрел куни ҳусийлар АҚШ ҳужуми оқибатида қамоқхонада сақланаётган камида 30 нафар африкалик мигрант ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. АҚШ армияси бу борада ҳозирча изоҳ бермади.

Ҳужум ҳусийларнинг таянч нуқтаси бўлган Яманнинг Саъда вилоятига уюштирилди. Ўн йилдан буён давом этаётган урушда Эфиопия ва бошқа мамлакатлардан бўлган африкалик муҳожирларнинг ўлдирилиши бўйича бу сўнгги воқеа ҳисобланади. Ушбу муҳожирлар қўшни Саудия Арабистонида ишлаш умидида мамлакатдан ўтишга ҳаракат қилмоқдалар.

Ҳусийлар бу хабарни эълон қилишидан олдин, АҚШ Марказий Қўмондонлиги ўзининг кенг кўламли ҳаво ҳужумлари ҳақида аниқ тафсилотларни бермаслик қарорини билдирганди.

"Ҳарбий ҳаракатларга оид хабарларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, олиб борилаётган ёки келажакда олиб борилиши кутилаётган операциялар ҳақида маълумотларни ошкор қилмаймиз", — дея баёнот берди АҚШ Марказий Қўмондонлиги.

Улар Саъдадаги даъво қилинаётган ҳужум бўйича Associated Press агентлиги саволларига жавоб бермади.

Ҳусийларнинг ал-Масираҳ янгилик каналида сунъий йўлдош ёрдамида олинган тасвирларда ҳудудда ҳалок бўлган ва жароҳатланган кишиларнинг суратлари намойиш этилди. Ал-Масираҳ мухбири ҳудудда 100 га яқин одам бўлгани ва камида 30 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.

Эфиопия ва Африканинг бошқа давлатларидан Яманга ўтиб, Саудия Арабистонига ишлаш учун ўтмоқчи бўлган минглаб одамлар ҳаракат қилмоқда. Ҳусийлар эса бу жараён орқали ўн минглаб доллар даромад олмоқда.

АҚШ ҳаво кучлари Яманга икки йўналишдан ҳужум қилмоқда: бири — Ҳарри Трумэн кемаси бошчилигида Қизил денгиздан, иккинчиси — Карл Винсон кемаси бошчилигида Арабистон денгизидан. 18 апрель куни Рас Иса ёқилғи портига қилинган ҳужумда камида 74 киши ҳалок бўлган, 171 киши эса жароҳат олган. Бу АҚШнинг энг ҳалокатли ҳужумларидан бири сифатида қайд этилди. АҚШ Марказий Қўмондонлиги 27 апрель куни бу ҳужум ҳақида тушунтириш берди.

"Америка Қўшма Штатлари томонидан амалга оширилган ҳужумлар Рас Иса портининг ёқилғи қабул қилиш имкониятини йўқ қилди. Бу эса ҳусийларнинг нафақат ҳарбий операциялар, балки террорчилик фаолиятлари учун ҳам миллионлаб доллар даромад олиш имкониятларига таъсир кўрсатади", — дейилади баёнотда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid