Энди сув омборлари реал вақт режимида назорат қилинади
Ушбу лойиҳани амалга оширишда АҚШ, Канада, Англия, Швейцария, Италия, Словакия ва Хитойнинг илғор тажрибаси ўрганилган.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖда ГЭС ва сув омборлари фаолиятини реал вақт режимида кузатиш ва бошқаришга мўлжалланган ягона “Вазиятлар маркази” ишга туширилди.
Бугун Тошкент шаҳрида жойлашган “Ўзбекгидроэнерго” АЖ маъмурий биносида марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда марказ ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Мазкур марказ орқали жамият тасарруфидаги 6 та сув омбори ва 80 дан ортиқ катта-кичик ГЭСлар реал вақт режимида кузатилади ва таҳлил қилинади. Сув омборларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларга замонавий датчиклар ўрнатилиб, олинган маълумотлар юқори аниқликда автоматик тарзда узатилади.
Ушбу лойиҳани амалга оширишда АҚШ, Канада, Англия, Швейцария, Италия, Словакия ва Хитойнинг илғор тажрибаси ўрганилган. Италиянинг SISGEO компанияси томонидан 1500 га яқин замонавий қурилмалар ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ва хавф даражаси инсон омилисиз аниқланади ва баҳоланади. Шу тариқа реал вақтда хавфсизлик мезонларига амал қилган ҳолда оператив чоралар кўрилади.
Бундан ташқари, Германиянинг “Ер тадқиқотлари маркази”нинг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси доирасида MODSNOW дастури жорий этилган. Бу дастур орқали сунъий йўлдошдан олинган фото ва видео суратлар асосида қор захиралари катта аниқликда ҳисобланади ва мониторинг қилинади.
“Вазиятлар маркази” нафақат ГЭСлар ва сув омборларининг фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, балки электр энергияси ишлаб чиқариш, гидроиншоотларнинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, технологик вазиятларни доимий мониторинг қилиш ҳамда АКСУЭ тизими билан интеграцияни амалга оширади.
Марказда маълумотлар хавфсизлиги ҳам тўлиқ таъминланган. Бунинг учун корпоратив тармоқ, хавфсиз алоқа тизими ва зарарли дастурлардан ҳимоя механизмлари ишлаб чиқилган. Маълумотларни қайта ишловчи марказ (TsOD) фаолияти йўлга қўйилган.
Шунингдек, барча ГЭС ва сув омборларида IP-телефония, 1000 дан ортиқ янги авлод видеокамералари ўрнатилиб, улар орқали Вазиятлар марказига онлайн маълумотлар узатиш йўлга қўйилган. Ҳар қандай техник носозлик аниқланса, марказ орқали зудлик билан бартараф этиш имконияти яратилган.