platina.uz
Жамият

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни реклама қилган клиникага нисбатан иш қўзғатилди

Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмиталаридан тушунтириш ва хулосалар олинган. 

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни реклама қилган клиникага нисбатан иш қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш ҳолатлари бўйича хусусий килиника рекламаси тармоқ фойдаланувчилари томонидан танқид қилинган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожат юзасидан маълумот берди.

Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда “Smart Genetics” МЧЖ клиникаси томонидан жойлаштирилган видеороликда ирсий моноген касалликлар ва хромосома абберациясини аниқлаш учун аҳолини генетик текширувидан кенг фойдаланиши учун реклама бергани аниқланди.

Хусусан, унда турмуш қурувчи яқин қариндошлар (опа-сингил фарзандлари) ўртасида ўтган генетик текширув ва унинг ижобий натижаси ҳақида маълумот берилган.

Рақобат қўмитаси томонидан мазкур ҳолатни тўлақонли ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмиталаридан тушунтириш ва хулосалар олинди.

Мазкур хулосаларга кўра, ёшлар ҳақиқатан ҳам ўндан ортиқ лаборатория таҳлилларидан ўтгани ва белгиланган туғма ҳамда ирсий касалликларда патологик ўзгаришлар уларда аниқланмаганлиги, аммо, бугунги кунда тиббиётда оилада соғлом бола туғилишининг 100 фоиз кафолати бўлган универсал генетик тест мавжуд эмаслиги, генетик лабораторияда моноген ирсий касалликлар бўйича бола туғилиши эҳтимоли ва соғломлик прогнозини аниқлаш фақат малакали тиббий генетиклар томонидан амалга оширилиши, тиббий генетика соҳаси мутахассислари яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни қатъиян тавсия этмаслиги, ушбу ҳолатлардан оғир ирсий касалликларга чалинган фарзанд туғилиши хавфи жуда юқори ҳисобланиши маълум қилинган.

Ўз ўрнида, реклама ролигида мутахассисларнинг бу борадаги илмий ва тиббий маълумотлари келтирилмаганлиги жамоатчиликда нотўғри тасаввур шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси “Оила кодекси”нинг 57-моддасига кўра, қариндошлик туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг — учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса — тўртинчи даражасида туриши белгилаб ўтилган.

Шунингдек, мазкур кодекснинг 16-моддасида насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмаслиги белгилаб ўтилган.

Рақобат қўмитасининг Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонунчилик талабларининг бузилганлиги юзасидан белгиланган тартибда “Smart Genetics” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди.

Ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.

Рақобат қўмитаси ўз ваколати доирасида оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилаётган реклама ахборотларининг реклама ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан мунтазм равишда ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб бормоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid