platina.uz
Жамият

Сирдарёда ҳокимлик масъул ходими, Тошкентда банк бўлими бошлиқлари ушланди

Банк мансабдорлари Ўртачирчиқдаги салкам 6 гектар ерни харидорга 455 минг долларга сотишга келишган. 

Сирдарёда ҳокимлик масъул ходими, Тошкентда банк бўлими бошлиқлари ушланди

ДХХ Сирдарё, Тошкент, Хоразм, Андижон ва Фарғона вилоятларида ер майдонлари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқлади.

Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳокимлиги масъул ходими боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 15 гектар ер майдонини 3 йил муддатга ижарага бериш учун 360 млн. сўм талаб қилган.

Шунингдек, ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб, мазкур ер майдонининг тоифасини коврак ўсимлигини экишга ўзгартириш бўйича туман ҳокимининг қарорини чиқартириб бериш эвазига фуқародан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи банклардан бирининг Кредит операциялари ва ахборот алмашинуви бўлими бошлиғи ҳамда Бизнес мижозларини кредитлаш бўлими бошлиғи, шунингдек, 1992 ва 1999 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ўзаро келишган ҳолда, Ўртачирчиқ тумани ҳокимлиги томонидан маҳаллий МЧЖлардан бирига боғдорчилик билан шуғулланиш мақсадида ажратиб берилган 5,99 гектар ер майдонини харидорга 455 минг АҚШ долларига сотишга келишишади.

Улар аванс сифатида 70 минг АҚШ доллари ва мазкур ер майдонининг тоифасини мансабдор танишлари орқали иссиқхона фаолиятига ўзгартириб, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари, жами 85 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Хоразм вилояти Шовот туманида яшовчи, 1984 й.т. фуқаро ўзининг 1989 й.т. синглиси билан келишган ҳолда, туман ҳокимлиги захирасидаги 2500 м2 экин ер майдонини кадастр идораларидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 66 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 45 минг АҚШ доллари ва 130 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Хоразм вилояти Янгибозор тумани инвестициялар, саноат ва савдо бўлими мутахассиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, “Е-аукцион” савдоларига қўйилган 1 гектар ер майдонини маҳаллий фуқарога олиб бериш эвазига 300 млн. сўм талаб қилиб, шундан 243 млн. сўм ҳамда 4300 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Андижон шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. шахс Хўжаобод тумани ҳокимлиги томонидан 2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 30 йил муддатга ижара асосида ажратиб берилган 30 сотих ер майдонини 1987 ва 1988 йилларда туғилган 2 нафар шериги билан келишган ҳолда, 27 минг АҚШ долларига сотишини, шунингдек, мансабдор танишлари орқали ер майдонининг тоифасини ўзгартириб, келгусида қурилиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олиб бериш эвазига 11600 АҚШ доллари талаб қилиб, жами, 38600 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи, 1959 й.т. шахс сохта ҳужжатлар асосида ўзлаштириб олган, туман ҳокимлиги захирасидаги боғдорчиликка ихтисослашган 26 сотих ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали турар-жой тоифасига ўзгартириб, харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 26 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid