Шерзод Асадов: Фарғона водийси "порох бочкаси" эмас, балки имкониятлар, фаровонлик маконига айланди
Йирик геостратегларидан бири бўлган Збигнев Бжезинский ўзининг "Буюк шахмат тахтаси" китобида Фарғона водийсини геосиёсий кескинлик ўчоғига айланишини башорат қилганди.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов бугунги Фарғона водийси, жумладан Андижон вилоятидаги вазият ҳақида ёзди.
1997 йилда ўз даврининг йирик геостратегларидан бири бўлган Збигнев Бжезинский ўзининг "Буюк шахмат тахтаси" китобида Фарғона водийсини геосиёсий кескинлик ўчоғига айланишини башорат қилган, айрим экспертлар эса ҳатто "порох бочкаси"га ўхшатган эди.
Дарҳақиқат, учта мустақил мамлакатга дахлдор бу қадимий ҳудудда яқин-яқингача шундай воқеалар рўй бердики, кўпчилик бу машъум башорат ҳақиқатдан унчалик ҳам йироқ эмаслигига ишонганди.
"Аммо бугун биз бутунлай бошқача воқеликда яшамоқдамиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра биладиган раҳбарлиги, тизимли ва чуқур ўйланган ислоҳотлари туфайли Фарғона водийсининг учта вилояти ва унинг юраги бўлмиш Андижон бутунлай ўзгариб кетди.
Бугунги кунда Андижон иқтисодий ўсиш, тадбиркорлик ташаббуси, инновация руҳи, интеллектуал тараққиёт ва маданий тикланишнинг қудратли марказига айланган. Бу шундай заминки, ҳар бир янги лойиҳа келажак пойдеворини мустаҳкамлайдиган тамал тошидир. Бу ерда одамлар орзу қиляпти ва ўз мақсадларига эришяпти. Ўқийман, изланаман, даромад топаман ва бошқаларга ҳам даромад манбаи яратаман деганларга – кенг йўл. Янги – Бобур шаҳри қурилмоқда.
Тан олиш керак, Андижон - илм, интилиш, меҳнатсеварлик ва тўғри йўлга қўйилган давлат сиёсати бутун бир ҳудудни нақадар ўзгартириб юбориши мумкинлигининг ёрқин намунасидир. Аҳолиси зич, ер ресурслари чекланган, яқингача саноати фақат Асака заводидан иборат бўлиб келган вилоят аҳли Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар кучидан, яратилган ҳар бир имкониятдан тўлиқ, максимал даражада фойдаланяпти, ҳар жабҳада реал, кундалик ҳаётда сезиш мумкин бўлган натижаларга эришаяпти", дея ёзади Асадов.
"Эски башоратларни унутиш вақти келди. Эндиликда, шу жумладан уч давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва дўстлиги туфайли бугун Фарғона водийси "порох бочкаси" эмас, балки имкониятлар, фаровонлик, тинчлик, яхши қўшничилик ва бунёдкорлик маконига айланди", дея фикрин хулосалайди давлат раҳбари матбуот котиби.