Савдо уруши қизимоқда: Хитой Трампга қарши туришга тайёр
Хитой босимлар биринчи марта кузатилмаётганини, бу ҳолат АҚШ сиёсатининг табиий бир қисми эканини, жараёнда охиригача курашишга тайёрлигини билдирди.

Хитой томони АҚШ раҳбари Доналд Трампнинг янги бож тарифи бўйича таҳдидини "хатога хато қўшиш" деб ҳисоблайди ва глобал савдо урушида янги имкониятларни излашини маълум қилди.
Бошқа давлатлар бож тарифларига тайёрланаётган бир вақтда, Хитой бунга қарши туриб, инқироздан имконият яратишга ҳаракат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 апрел куни АҚШ президенти Доналд Трамп дуёнинг кўплаб давлатлари учун янги бож тарифларини ишлаб чиқди. Бунга кўра эндиликда Хитойдан кириб келадиган товарларга нисбатан қўшимча 34 фоиз бож эълон қилинди. Бу билан Хитой маҳсулотларига қўйилган умумий божлар 54 фоизни ташкил этди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистондан кириб келадиган маҳсулотларга нисбатан эса 10 фоиз бож тарифи ўрнатилди.
Кейинчалик АҚШ президенти тарифларни яна оширишини маълум қилди. Агар Хитой сешанбагача бож тарифини бекор қилмаса, яна 50 фоиз қўшимча бож солиш билан огоҳлантирди. Шунингдек, Трамп Хитой томонидан таклиф қилинган учрашувларни бекор қилганини ҳам таъкидлади.
Хитой савдо вазирининг айтишича, Қўшма Штатларнинг бож тарифларини яна ошириши – хатога хато қўшиш бўлади.
Хитой бу каби босимлар биринчи марта эмаслигини, бу ҳолат АҚШ сиёсатининг табиий бир қисми эканини, ўз навбатида, охиригача курашишга тайёрлигини билдирди.
"АҚШнинг бож тарифлари таъсир қилиши мумкин, лекин осмон узилиб ерга тушмайди. 2017 йилдаги биринчи савдо урушида ҳам Қўшма Штатлар томонидан кучли босим ўтказилганига қарамай, биз қатъият кўрсатдик ва ривожланишда давом этдик. Қанча кўп босимга учрасак, шунча кучли бўламиз", – деди Хитой коммунистик партияси вакили.
Хитой президенти Си Цзинпин ва партия аъзолари Трампнинг бож тарифлари музокара олиб боришнинг тўғри усули эмаслигини, бу эса асосан АҚШнинг ўзига зарар етказишини таъкидладилар.
Вашингтондаги Брукингс институти катта илмий ходими Райан Ҳас Шанхайга қилган ташрифи давомида ҳукумат вакиллари, олимлар ва бизнес етакчилари билан учрашганидан сўнг, Х ижтимоий тармоғида қуйидаги фикрни билдирди:
"Кўплаб хитойлик ҳамкасбларим АҚШ ўзининг глобал обрўсини пасайтирадиган хатога йўл қўяётганини таъкидладилар, – деди у. – Хитой раҳбарлари АҚШга нисбатан пассив позицияда бўлишни қабул қилмайдилар", деб қўшимча қилди Райан Ҳас.