Олимжон Жўраев Гулистон тумани ҳокими этиб тайинланди
Ушбу вазифада аввал Ўлмасжон Мамадаминов ишлаб келган.

Олимжон Жўраев Гулистон тумани ҳокими этиб тайинланди.
Гулистон туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.
Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия ишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди. Турдимов ўз нутқида туманда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, экспорт ҳамда қатор соҳалар бўйича қолоқликка йўл қўйилаётганлигини таъкидлаб, туманни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида туман биринчи раҳбарининг ҳаракатлари етарли эмаслигини билдирди.
Тумандаги ишга солинмаган имкониятлар ҳақида депутатлар ҳам ўз фикрларини билдиришди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди.
Шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Мамадаминов Ўлмасжон Ярмахамматович эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Депутатлар томонидан шу кунга қадар туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бойича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Жўраев Олимжон Уразалиевич номзоди туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.
Маълумот ўрнида, Олимжон Жўраев 1982 йилда Сирдарё вилояти Гулистон туманида туғилган. 2004 йилда Гулистон давлат университетини тамонлаган. Мутахассислиги иқтисодчи.