Тошкентда адвокат ва юрист қўлга олинди
Улар суд ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган шахснинг жазосини камайтириб беришга уринган.

Тошкент шаҳрида адвокат ва юрист қўлга олинди.
Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати 1999 й.т. шахсга нисбатан 2024 йилда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг ҳукми билан тайинланган 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижобий ҳал қилиб бермоқчи бўлган. У ҳозирда шаҳар судининг кассация инстанциясида кўрилаётган шикоятни мансабдор танишлари орқали ҳал қилишга уринган.
Хусусан у тайинланган жазони 4 йил муддатга камайтириб бериш эвазига, ҳар бир йил учун 5 минг АҚШ долларидан, жами 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган, Тошкент шаҳридаги банклардан бирининг юристи ҳам адвокатдан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, банк юристи прокуратура органларидаги қариндоши орқали ёрдам бермоқчи бўлганлиги аниқланиб, ҳозирда бу борада тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳолат юзасидан адвокат ҳамда юристга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддасининг 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддасининг 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.