platina.uz
Жамият

Тошкентдаги лабораторияда фуқарога нотўғри хулоса тақдим этилгани маълум бўлди

Унинг 15 турдаги лаборатория текширувидан ўтиш мақсадида тўлаган маблағи ҳам қайтарилмаган. 

Тошкентдаги лабораторияда фуқарога нотўғри хулоса тақдим этилгани маълум бўлди

Тошкентдаги лабораторияда фуқарога нотўғри текширув хулосаси тақдим этилди.

Рақобат қўмитасига тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган хизматларнинг сифатсизлиги юзасидан фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мана шундай мурожаатлардан бирида фуқаро В.Ч. клиник лаборатория текширув натижаларидан қониқмаганини билдирган. Фуқаро Тошкент шаҳрида жойлашган “SWISS LAB” МЧЖнинг Чилонзор тумани филиалида 15 турдаги лаборатория текширувидан ўтиш мақсадида 698 000 сўм миқдордаги тўловни амалга оширган.

Лаборатория хулосасида фуқаронинг креатинин ва мочевина кўрсаткичлари юқори чиққанлиги билдирилган.

Бундай натижадан ажабланган фуқаро шифокорга тиббий маслаҳат олиш мақсадида боради ва шифокор қайта текширувдан ўтишни тавсия қилади ва “Дармон Диагностика” МЧЖ ва Республика ихтисослаштирилган неврология ва буйрак трансплантaцияси илмий-амалий тиббиёт марказларига қайта анализ топширишга мажбур бўлган ва иккала текширув хулосаларида қон кўрсаткичлари меъёрда чиққан.

Қон билан боғлиқ лаборатор текширувларига ҳар бир тиббиёт ходими масъулият билан қараши лозим. Акс ҳолда нотўғри текшириш оқибатида қўйилган ташҳис ва тайинланган муолажалар инсон ҳаётига хавф солиши мумкин.

Рақобат қўмитаси мурожаатни тўлақонли ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармасига юборган сўров хатига жавобан берилган маълумотлар ўрганилганда, “SWISS LAB” МЧЖ томонидан фуқаро қон топширганда преаналитик (лабораторияга қадар) жараёнда қон олувчи ҳамшира томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилиб, пробиркаларни маркировкаланишида жиддий хатоликка йўл қўйгани аниқланди.

Фуқаронинг нотўғри хулоса бергани учун “SWISS LAB” МЧЖдан тўланган пул маблағларини қайтаришда сўраган амалий ёрдами ҳам ижобий ҳал этилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “SWISS LAB” МЧЖнинг хатти-ҳаракатларида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг талабларининг бузилиш аломатлари борлигини инобатга олиб, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “SWISS LAB” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, кўриб чиқилди.

Махсус комиссиянинг қабул қилган қарорига кўра, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6, 20-моддалари талаблари бузилган деб топилиб, уларни бартараф этиш тўғрисида МЧЖга тегишли кўрсатма берилган.

Бироқ Махсус комиссиянинг иш юзасидан қабул қилган қарор ва кўрсатмасини бекор қилиш бўйича жамият шикоят аризаси билан мурожаат қилган ва ўз навбатида Апеллация кенгаши қарор ҳамда кўрсатма ўзгаришсиз қолдирилиши тўғрисида ўз қарорини қабул қилган.

Шунга қарамай, “SWISS LAB” МЧЖ мазкур кўрсатмани бекор қилишни сўраб судга ариза берган. Тошкент туманлараро маъмурий суди томонидан ушбу ариза кўриб чиқилиб, “SWISS LAB” МЧЖнинг аризасини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid