Марказий банк эски намунадаги доллар купюралари билан ҳеч қандай муаммо йўқлигини маълум қилди
Ўзбекистон ҳудудида 2009 йилгача эмиссия қилинган доллар банкноталарини айирбошлашда чекловлар ўрнатилмаган.

Банкларда эски намунадаги доллар купюралари бўйича чекловлар йўқ. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
"Марказий банк ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳудудида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги (2009 йилгача эмиссия қилинган) банкнотларни банклар томонидан сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ амалиётлар ҳеч қандай муаммоларсиз амалга оширилаётганлигини маълум қилади.
Шу билан бирга, бирорта давлат ҳисоб-китобларида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларнинг қонуний тўлов воситаси сифатидаги мақоми ўзгармаган", дейилади маълумотда.
Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка чақириб, фақат расмий манбаларга таянишни тавсия этган.
Шунингдек, агар аҳоли тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари томонидан эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларни қабул қилишда қийинчиликларга дуч келса, Марказий банкнинг “Ишонч телефони” (71 200-00-44) ёки ҳудудий бошқармаларга мурожаат этиши мумкин.
Марказий банк бу борада вазиятни доимий равишда кузатиб боришини маълум қилади.
" Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, мамлакат ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш фақат маҳаллий банклар орқали амалга оширилиши эслатиб ўтилади.
