Туркий давлатлар ўртасида янги футбол мусобақаси ташкил этилади
Йиғилиш иштирокчилари халқаро миқёсдаги турнирларни, жумладан, турли ёш тоифасидаги жамоалар ўртасида жаҳон чемпионатларини биргаликда ташкил этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.

Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўзаро янги футбол турнирини йўлга қўймоқчи. 18 июл куни Иссиқкўлда бўлиб ўтган футбол ассосиациялари раҳбарларининг йиғилишида бу масала муҳокама қилинган.
Бу ҳақда Қирғизистон футбол иттифоқи матбуот хизмати хабар берди.
Унда ҚФИ президенти Медербек Сидиқов, Қозоғистон футбол федерацияси президенти Aдлет Барменкулов, Туркманистон футбол федерацияси президенти Aрслан Aйназаров ва Ўзбекистон футбол ассосиацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматовлар иштирок этишди.
Томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш режалари, қўшма лойиҳаларнинг асосий масалалари, шунингдек, инфратузилмани яхшилаш, кадрлар ресурсларини кўпайтириш ва етарли маблағ билан таъминлаш имкониятларини ҳам муҳокама қилган, дейилади хабарда.
Йиғилиш иштирокчилари халқаро миқёсдаги турнирларни, жумладан, турли ёш тоифасидаги жамоалар ўртасида жаҳон чемпионатларини биргаликда ташкил этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.
Учрашув якунларига кўра, Марказий Осиёнинг туркийзабон мамлакатларида футболни ривожлантириш бўйича иш олиб борувчи ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.