platina.uz
Таҳлил

2023 йил бюджетидаги айрим номутаносибликларга жавоб борми?

2023 йил бюджетидаги айрим номутаносибликларга жавоб борми?
“2023 йил учун Ўзбекистон республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 22 декабр куни қабул қилинган ва жуда қисқа фурсатда, яъни 5 кун ўтиб сенаторлар томонидан маъқулланганди.  Мазкур қонун ҳамда унинг ижросини таъминлаш учун имзоланган Президент  қароридаги айрим номутаносибликлар ҳали ҳамон очиқ қолмоқда. Яъни... 2022 йилнинг сўнгги кунларида Ўзбекистон давлат бошқарувида жуда катта маъмурий ислоҳотлар бўлди. Яъни Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўплиги, кераксиз штатлар борлиги, марказлашув юқорилигини, оқибатда бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланаётганини қайд этгач, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш, Ҳукумат, вазирликлар ва ҳокимликларнинг иш фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, улар фаолиятининг мезони сифатида фақат ва фақат одамларни рози қилишни белгилаш мақсадида кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат раҳбари томонидан имзоланган мамлакатимиз ҳаётида тарихий аҳамиятга эга ҳужжат – “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва унинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича қарорбунинг ҳуқуқий асоси бўлди. Ушбу янги фармон ва қарор билан 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан вазирликлар сони 21 тагача қисқартирилди. 20 та идора тўлиқ тугатилди. Аммо сенаторлар маъқуллаган 2023 йил учун Ўзбекистон республикасининг давлат бюджетида тугатилган ташкилотларга ҳам маблағлар ажратилган. Масалан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тугатилган бўлса-да, 2023 йил бюджетининг ҳисоб-китоб қилинган кирим-чиқим харажатларида мазкур инспекция учун ҳам қарийб 14,5 млрд. сўм ажратилгани эътиборимизни тортди. Platina.uz айни масалага аниқлик киритиш учун 2023 йил 1 январдан қайта ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Бюджет қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокамалардан ўтган вақтда ушбу вазирлик Молия вазирлиги эди) ҳамда парламент юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Хўш, тугатилган инспекцияга ажратилган маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинадими? Нималарга сарфланади? Қайта ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги айни пайтда янги мажбуриятлар тақсимоти жараёни кетаётгани сабаб бу борада ҳозир изоҳ бера олмаслигини билдирди. Парламент юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси бюджет тўғрисидаги қонун Қонунчилик палатасида кўрилган вақтда ҳали Президент Фармони қабул қилинмаган ва янги маъмурий ислоҳотлар сабаб тугатилган ташкилот у вақтда юридик жиҳатдан ҳали мавжуд бўлганини маълум қилди.
Шунинг учун қонунда ушбу ташкилот учун ҳам маблағ ажратилиши белгиланган. Ташкилот 1 январдан тугатилди. Қонун эса декабрда қабул қилинди. Агар ташкилот қонун қабул қилинишидан аввал расман тугатилганида пул ажратиш масаласи киритилмасди ва парламент томонидан рад жавоби берилар эди. Яна бир масала борки, инспекция тугатилса-да, унинг вазифа ва мажбуриятлари тегишинча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги орасида тақсимланмоқда. Мазкур вазирлик ўз структурасини ишлаб чиққач, тугатилган инспекциялар учун ажратилган маблағларнинг маълум қисми давлат бюджети тўғрисидаги тегишли қонун ва қарорга ўзгартириш киритилган ҳолда уларга ўтказиб берилади. Шу ўринда қайд этиш керакки, янги маъмурий ислоҳотлар сабаб 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сонли “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони доирасида штат бирликларини мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади”.
Демак, қисқа фурсатда маъқулланган 2023 йил бюджет тақсимотидаги айрим номутаносибликлар қайта кўриб чиқилади ва тегишли қонун, қарорга ўзгартиришлар киритилади. Шунингдек, сўроқ саволга сабаб бўлган қарийб 14,5 млрд. сўм каби тақсимланган маблағлар ҳам “ҳавога учмайди”...
© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid