2005 йил, 13 май: Ўзбекистон тарихидаги энг қонли воқеага 18 йил бўлди
2005 йил, 13 май. Андижон шаҳрида мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг қонли воқеалар рўй берганига 18 йил бўлди. Расмий маълумотларда, ўша куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 31 нафар вакили ўлдирилгани айтилади.

2005 йилнинг апрел-май ойларида жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида “Акромийлар” оқимига аъзо деб топилган 23 нафар шахс устидан суд жараёни давом этаётган бир пайтда яқинларининг тақдиридан хавотирдаги юзлаб андижонликлар кунини суд биноси қаршисида ўтказар эди.
Ўзбекистон телевидениеси томонидан эълон қилинган махсус кўрсатувда воқеалар хронологияси қуйидагича келтирилади:
“Террорчилар дастлаб 12 май соат 23:45 да Андижон шаҳридаги соқчи-патруль хизматига ҳужум қилишади. Соқчилик қилаётган 4 нафар милиция ходимини ўлдириб, қурол-яроғ омборини бузишади ва ўнлаб автоматлар, тўппонча, граната ва бошқа қуролларни қўлга киритишади. Орадан бир соат ўтгач, қуролларини кўпайтириб, сафларини кенгайтириб олган жиноятчилар тўдаси Республика Мудофаа вазирлигига қарашли 34-ҳарбий қисм ҳудудида пайдо бўлади. Бу ерда ҳам жиноятчилар томонидан 4-5 соқчи ўлдирилиб, кўплаб қурол-яроғлар ўғирланади.
Шундан сўнг жиноий тўда тезкорлик билан ЗИЛ-130 ва бир қатор енгил автомобилларда Андижон шаҳри яқинида жойлашган қамоқхона томон йўл оладилар. Қамоқхона эшигини ЗИЛ машинаси ёрдамида бузиб, ичкарига киришади. 600 га яқин маҳбусларни, шу жумладан, 23 нафар “Акромийлар” ҳамда шу турмада сақланаётган ўта хавфли рецидивистларни чиқариб юборишади”, дейилади кўрсатувда.
Маълум қилинишича, ўша пайтда ички ишлар вазири ҳисобланган Зокиржон Алматов биринчи президент Ислом Каримовга қўғироқ қилиб, рўй берган ҳодисалар ҳамда вазият ҳақида ахборот беради. Ислом Каримов ўтирган самолёт 13 май куни соат 7:30 да Андижонга келиб қўнади. Мамлакат раҳбари зудлик билан штаб ташкил этади.
Зокиржон Алматов берган интервьюларидан бирида мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг қонли фожиа бўлиб қолган Андижон воқеаларини қуйидагича хотирлайди:
“Мени Андижон воқеаларида айбдор деб кўп гапиришади. Ҳа, мен ўшанда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман, аммо ким ўшанда Андижонга қурол кўтариб келди? Ким чегарадан қурол билан ўтди? Ким Ички ишлар вазирлигига қарашли ППСга қуролли ҳужум қилди, ким ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қурол-яроғ олди?
Ким тергов ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 500 дан ортиқ ашаддий жиноятчиларни чиқариб юборди? Ким ҳокимият биносини эгаллаб, унга ўт қўйди? Ким юзга яқин суд-ҳуқуқ тизимидаги ходимларни тутқунда ушлаб, баъзиларини қатл этди? Ҳукумат нима, қараб туриши керакмиди?
Биз уларга чиқиб кетинглар, дедик. Адашмасам, милиция ва прокуратура ходимларидан 34 нафари ҳалок бўлганди. Тез ёрдам ходимлари отиб ташланган”, деган собиқ вазир.
Исёнчилар бирин-кетин вилоят ички ишлар бошқармаси, Миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги биносига ҳужум қилишади. Бу уч объектдан фақатгина вилоят ҳокимлиги биноси ишғол қилинади. Расмийлар исёнчилар билан музокара олиб боришга ҳаракат қилингани, бироқ музокаралардан ҳеч қандай натижа бўлмаганини айтишади. Тушдан сўнг эса қуролланган исёнчилар ва ҳарбийлар ўртасида отишма юзага келади.
Расмий ҳисоботларда ёзилишича,
“террорчилик ҳаракати натижасида 187 киши ҳалок бўлган, шулардан 60 нафари тинч аҳоли вакиллари, уларнинг ичида икки нафар вояга етмаган бола ва бир аёл бор эди”.
Бироқ ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган, фожиада яқинларини йўқотганлар қурбонлар ва жароҳатланганларнинг сони расмий маълумотлардагидан анча кўп бўлганини айтишади.
Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Ислом Каримов тинч аҳолини ўққа тутиш ҳақида ҳеч қандай топшириқ берилмаганини айтган. Шунингдек, воқеалар марказида турган Зокиржон Алматов 13 май воқеаларида 1000 га яқин одам ҳалок бўлганини инкор этган.
“Тинч аҳолига ўқ узилган дейишади, йўқ, 12 соат олдин уларнинг 600-700 нафар оила-аъзоларини Қирғизистонга чиқариб юборганмиз. Булар келаётганда ҳарбий қисмдаги капитанни отиб қўйишган. Кейин оддий аскарлар нима қилади? Икки томон ўртасидаги отишма сабаб битта жойда 100 киши ўлган. Уларнинг ичида бизнинг ходимлар ҳам, террорчилар ҳам бўлган. Жами 187 киши ўлган. Аллоҳнинг олдида рост гапни гапираман, бу аниқ рақамлар”, деган у.
Ўша вақтдаги мамлакат бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳам Андижон воқеаларида беш юздан зиёд тинч аҳоли вакили қурбон бўлгани ҳақидаги иддаоларни уйдирма деб атаганди. Бироқ 2020 йилда бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова тинч аҳоли ўққа тутилганини тан олган ва буни содир этганлар жазога тортилганини таъкидлаган.
Расмий маълумотларга кўра, ўша куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 31 нафар вакили ўлдирилган. Бундан ташқари, умумий ҳисобда 287 киши, жумладан, 91 нафар тинч аҳоли вакили, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 49 нафар ходими ва 59 нафар ҳарбий турли даражадаги тан жароҳатлари олишган.