platina.uz
Жамият

4 ойда қайта очилаётган департамент! Энди умид борми?

Ўзбек тилимизни бир қарасанг рус, бир қарасанг инглиз тили “туртки”лайверганидан, бечоранинг “оёқ”лари чалишиб қолган эди. Вазифаси ўзбек тилини ривожлантириш, қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўлган тил департаментини ҳам оча-ёпа сарсон-саргардон қилиб юборишди. 

4 ойда қайта очилаётган департамент! Энди умид борми?

Маъмурий ўзгаришлар доирасида тугатилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти яна қайта тикланмоқда. Департамент бундан аввалги 3 йиллик мавжудлиги даврида ўзининг аксар вазифаларини бажармаган, тилга оид бир қанча муҳокамали мавзуларда ҳам мум тишлаб ўтираверган эди.

Ушбу департамент фаолияти тугатилганида, мукаммалроқ ҳамда самаралироқ тизим яратилади, деб ўйлаган эдик, адашдик чоғи. Яна ўша очила-ёпила боши айланган бирликни қайта ташкил этишяпти. Хўш, аксарият вазифаларини бажармаган ушбу департамент энди ўзбек тили учун жон куйдирадими?

Давлат тилини ривожлантириш департаменти 2019 йил 22 октябрда Президент фармони билан ташкил қилинганди. Департамент Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилиб, тузилмада ходимларининг умумий чекланган сони 9 та штат бирлигидан иборат бўлиши белгиланганди.

Ўшанда ташкилотга:
• давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш;
• давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва таклифлар бериш;
• ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш;
• илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш ва бошқа вазифалар юкланган эди.

Шундан кейин тарихий ташаббуснинг умри 3 йилга етди. Яъни ташкил қилинганига 3 йил тўлганда – 2022 йилнинг декабр ойида ҳукуматдаги маъмурий ўзгаришлар доирасида департамент ёпиб юборилди. Унинг функциялари бирор органга ўтказилмади.

Тил департаментининг нега тугатилгани сабаби ҳеч қаерда айтилгани йўқ. Ташкилот вазифасини бажариб, қиладиган иши қолмадими, ёки жамиятга бирор нафи тегмаганлигидан ёпилдими, бу ҳақда лом-лим дейилмади.

Уч йиллик фаоилиятни таҳлил қиладиган бўлсак, ташкилот ўзига юклатилган вазифаларнинг аксариятини бажармади, дейиш мумкин.

Масалан, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинмай, бир неча йиллардан буён чўзиб юрилганига департамент ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Охирги маълумотга кўра, давлат тилининг мақомини кучайтиришга қаратилган, Сенат томонидан маъқулланган қонун Қонунчилик палатасига қайтиб келган, 2022 йилнинг август ойида Қонунчилик палатаси бу масалани кўриб чиқишдан олиб ташлаш бўйича қарор қабул қилган.

Департамент ташкил қилинганда унинг олдига қўйилган вазифалардан яна бири эса лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш ишларини тезлаштириш киритилганди. Бу эса алифбо ислоҳоти билан боғлиқ эди. “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама бўлди-ю, сас-садосиз йўқ бўлиб кетди.

Илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш вазифаси ҳам қойиллатиб бажарилмади. Ҳалигача қайси четдан кириб келган сўздан расман фойдаланишни бошлашимиз мумкинлиги бўйича рўйхат йўқ. Бирор олинма сўзнинг ўзбекча муқобили яратилгани, истеъмолга кирганини ҳам кўрмадик.

Бундан ташқари, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг рекламаларда давлат тили устунлигига урғу бериш тўғрисидаги банди муҳокамаларга сабаб бўлганда ҳам вазифаси давлат тили устида ишлаш бўлган Давлат тилини ривожлантириш департаменти бирор садо бермаганди.

Бу қонун 2022 йилнинг 8 сентябридан бери кучга кирган бўлса-да, бирорта рус ва инглизча сўзлар қалашиб ётган реклама пештахталарининг олинганини кўрмадик. Бу ҳақида бир неча маротаба мақолалар эълон қилинган бўлса-да. Жараён устидан назорат ҳам айнан шу ёпилган ташкилотнинг вазифаси эди.

Кўриб турганингиздек, уч йиллик фаолияти давомида ташкилотнинг бирорта ўзбек тили учун қилган ишини кўрмадик. 21 октябр куни тадбирлар ўтказиб, оғиз кўпиртириб она тилим, дейиш бундан мустасно, албатта.
2023 йил 20 апрелдаги фармон асосида, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этиляпти. Департаментга 5 та штат ажратилган.

Хўш, қайта очилган ташкилот эскисидан қандай фарқ қилади? Таркиб янгиланиб, тизимга ҳақиқий тил фидойилари олиб келинадими? Департамент қайта очилаётган экан, алифбо ислоҳоти охирига етказиладими? “Давлат тили ҳақида”ги қонунга зарур ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқиладими? Ёки тузилма аввалгидек чалажон ҳолда қолаверадими?

Шаҳруза Саъдулло қизи

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid