Тошкентнинг янги ҳокими ҳам қарорларни яшириб қўйишни бошлади

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов 13 апрель куни 247-14-0-Қ/23-сонли қарор имзолаган. Мазкур қарорда фахрий нуронийлар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун 155 млн сўм маблағ ажратиш ҳақида сўз борган.
Аммо ҳокимнинг ушбу қарори E-qaror тизимида жамоатчилик учун яшириб қўйилган. Бунга “шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли” сабаб қилиб кўрсатилган.
Шунчаки маданий-маърифий тадбирлар учун, боз устига пойтахт ҳокимлиги учун унчалик катта бўлмаган маблағ ажратилгани ҳақидаги қарорни яшириш нега керак? Қизиқ томони, бу қарор давлат харидлари порталида тўғридан тўғри шартномаларга асос сифатида илова қилинган.
Бундан ташқари, Ш.Умрзоқов 12-14 апрель кунлари қабул қилган 11 та қароридан 10 тасини жамоатчилик учун яшириб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қарийб 2 ой Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарган Бахтиёр Раҳмонов бир қатор қарорларни E-qaror тизимида асоссиз равишда яшириб қўйгани, жумладан, 5,2 млрд. миқдоридаги бюджет пули ҳақида сўз борган қарори ҳақида хабар бергандик.