Ўзбекистонда давлат хизматчилари асосан қандай касалликларга чалиниши маълум қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва барча ҳокимликларда фаолият юритаётган жами 5744 нафар давлат фуқаролик хизматчиси тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Кўрик Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳокимликлар билан ҳамкорликда ўтказилган. Хизматчилар 10 дан ортиқ турдаги бирламчи тиббий кўрикдан ўтди.
Тиббиёт ходимларининг хулосаларига кўра, ҳокимлик ходимлари ўртасида овқат ҳазм қилиш органлари (сурункали гастрит), юрак қон томир (артериал гипертония), асаб тизими (остеохондроз), кўз ва эндокрин (қандли диабет ва семизлик) каби касалликлар аниқланди.
Касаллик аниқланган ходимларга даволаниши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўриш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли кўрсатмалар юборилди, жараён давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда давлат фуқаролик хизматчисига тиббий хизмат кўрсатиш ижтимоий ҳимоя чораси сифатида кафолатланган.
