Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 8 нафар мансабдор жазога тортилди
Қумқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Нигора Жумаевага жарима белгиланди. У хотин-қизлар фаолларига теримчиларни пахтага жалб қилиш топшириғини бергани маълум бўлганди.

Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 8 нафар мансабдор жазоланди. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ҳоким ўринбосари Нигора Жумаеванинг оила ва хотин қизлар фаолларига пахта теримига теримчиларни жалб қилиш топшириғи бергани тасдиғини топган. Унга нисбатан МЖТК 51-модда 1-қисми асосида жарима қўлланилди.
Бухоро шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Н.Аминова ҳам худди шундай қонунбузарликка йўл қўйиб, жаримага тортилди.
Пахта йиғим-терими мавсумида Давлат меҳнат инспексияси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш мақсадида мунтазам мониторинг олиб бормоқда.
Мавсум давомида ҳозирга қадар умумий ҳисобда
- 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланди. Меҳнат қонунчилигини бузган мансабдор шахсларга МЖТКнинг 49-модда 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланилди;
- 8 нафар мансабдор шахс МЖТКнинг 51-модда 1-қисми билан жазоланди;
-1400 нафардан ортиқ теримчилар билан мавсумий меҳнат шартномалари тузилишида ёрдам кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қатъий тақиқланган ва қонун бузувчиларга нисбатан жавобгарлик белгиланиши таъминланади.