Экология вазирлиги муассасаси ходими тадбиркор билан катта пулни ўзлаштириб юборди
Улар ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган ишларни гўёки бажарилганлиги ҳақидаги сохта маълумот ва ёзувларни қасддан киритишган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида Экология вазирлигига қарашли ДМ собиқ ходими ва тадбиркор иши кўриб чиқилди. Суд иши Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, У.Д. Экология, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш вазирлиги “Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси” ДМда мутахассис сифатида ишлаган.
У ХХ МЧЖ раҳбари, хавфли рецидивист У.Н. билан тил бириктирган. Улар Самарқанд тумани, “Янги агротехсервис” агрофирмаси ҳудудидаги 2,0 гектар ер майдонида “Экология вазирлиги боғи”ни ташкил этиш объектнинг пудратчиси эканлигидан қасддан фойдаланишган.
"Экология вазирлиги боғи"ни ташкил этиш объектида амалга оширилаётган қурилиш ободонлаштириш ишларида буюртмачи вакили техник назоратчи яъни, судланувчи У.Д. билан бир гуруҳ бўлишиб, ўзларига ишониб топширилган пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ҳақида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришган.Улар 128 ҳолатда 5 турдаги ишлардан 275 млн. 317 минг сўмлик ҳақиқатда бажарилмаган ишларни гўёки бажарилганлиги ҳақидаги сохта маълумот ва ёзувларни қасддан киритиб, қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳажми ва материаллар сарфига қўшиб ёзиб, ҳужжатларни қалбакилаштириб, пулларни ўзлаштиришган.
Ҳар иккала айбланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.
Якуний суд ҳукмига кўра, У.Н.Га ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
У.Д.га эса узил-кесил 1 йил 6 ой йил муддатга Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш вазирлги тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ҳар ойлик иш ҳақидан 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Иш бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.