platina.uz
Жамият

ДХХ Ховос тумани ҳокими ўринбосарини қўлга олди

Карманада эса ҳоким ёрдамчиси ушланди. У М-37 автомобил йўли ёқасидаги ер майдонини фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 млн сўм талаб қилган. 

ДХХ Ховос тумани ҳокими ўринбосарини қўлга олди

ДХХ Ховос туманида ҳоким ўринбосари, Кармана туманида эса ҳоким ёрдамчисини ушлади.

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассиси ўзаро тил бириктириб, ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилишади.

Улар, тасарруфида 452 гектар ер майдони бўлган чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликни келгуси йил шоли етиштириш тақсимотига киритиш, экспорт режаси бажарилганлигини тасдиқлаш, тақсимотсиз шоли етиштирган ҳолатига нисбатан чора кўрмаслик, шунингдек, гўёки Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тумандаги фермер хўжаликлари фаолияти бўйича ўтказилаётган текширувда уни ҳимоя қилиш эвазига хўжалик раҳбаридан жорий йилнинг июн ойида 10 минг АҚШ доллари олишади.

Кейинроқ эса ҳокими ўринбосари ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва фермер хўжалик раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғаттириш билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини ўзининг ҳамтавоғи бўлган мутахассис орқали олган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассисига нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Навоий вилоятида кузатилган ҳолатда эса Кармана туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига масъул бўлган ҳоким ёрдамчиси ноқонуний равишда 40 млн сўм олган. Жараёнда у Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланишича, ҳоким ёрдамчиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, 2024 йилда бошқа бир фуқарога ижарага берилган М-37 автомобил йўли ёқасидаги 12 кв.м ер майдонини уни номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 млн сўм талаб қилган.

Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш керакки, 2024 йил май ойида ҳам Ховос тумани ҳокими ўринбосарларидан бири пора билан ушланганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid