Қурилиш пулларини талон-торож қилган "Ягона буюртмачи" инспектори ва шериги жазоланди
Улар ҳужжатларга мактаб таъмирлаш ишлари бажарилганлиги тўғрисида сохта маълумотларни киритиб, 800 млн сўмга яқин пулларни ўзлаштиришган.

2025 йилнинг 8 апрел куни жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судида йирик маблағни ўзлаштирган тадбиркор ва унинг шеригига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи ХХ “Юксак Обод Қурилиш” МЧЖ раҳбари сифатида фаолият юритиб келган. У Андижон вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ДУК техник инспектори билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар Қўрғонтепа туманидаги 50-сонли умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича 2022 йилда тузилган 5 млрд. 250 млн. сўмлик пудрат шартномасига асосан мазкур қурилиш объектида бажарилган ишлар юзасидан 2023 йил август ойида расмийлаштирилган расмий хужжат ҳисобланган ҳисобот ҳужжатларига амалда бажарилмаган жами 733 млн. 787 минг 322 сўмлик ишлари бажарилганлиги тўғрисида сохта маълумотларни киритишган. Натижада хужжатларни сохталаштириб ва уларни сохта эканлигини билиб туриб улардан қасддан фойдаланиб тўловга тақдим қилиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлар.
Судда ХХ эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Таъкидлаш керакки, у аввал қурилиш фаолияти бўйича аниқланган камомад бўйича жами 3 маротаба жиноий жавобгарликка тортилган.
Андижон вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ДУКда ишлаб келган судланувчи ҳам айбига тўлиқ иқрор бўлган ва пушаймонлик билдирди.
Якуний суд ҳукмига кўра, судланувчи ХХ.га иш хақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 2 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.
"Ягона буюртмачи хизмати" собиқ инспекторига эса 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб ва иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Иш бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланган. Ушбу суд иши Олий суд порталидан олинди.