Трамп тарифларидан сўнг Хитойда илк муаммолар бошланди
Апрел ойида Хитой заводлари кўрсаткичларида сўнгги бир йилдаги жиддий пасайиш кузатилди. Мамлакат маҳсулотларига бўлган талаб COVID-19 дан кейинги энг паст даражага тушди.

АҚШнинг бож тарифлари Хитойга ўз таъсирини кўрсатишни бошлади.
Трампнинг Хитой маҳсулотларига қўйган 145 фоизлик бож тарифидан уч ҳафта ўтиб, апрел ойида Хитой заводлари орасида сўнгги бир йилдаги энг кескин пасайиш кузатилди.
30 апрел санасида эълон қилинган маълумотларга кўра, АҚШ тарифларининг оқибатлари биринчи марта аниқ кўзга ташланди ва бу Хитой иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатганини очиб берилди. Унга кўра, ишлаб чиқариш бўйича сотиб олиш менежерлари индекси 49,0 га тушиб кетди. Март ойида бу кўрсаткич 50,5 эди. Умуман олганда, агар бу рақам 50 дан паст бўлса, демак, ишлаб чиқаришдаги фаолият сусайганини билдиради. Тадқиқотларга қараганда, Хитой маҳсулотларига бўлган талаб COVID-19 дан кейинги энг паст даражага тушди.
Шунингдек, ишлаб чиқариш соҳасидаги иш ўринлари ҳам 2024 йил февралидан буён энг паст нуқтага етди.
29апрел куни эълон қилинган тадқиқот ҳисоботида Nomura Securities шундай дейди: агар Хитойнинг АҚШГА экспорти 50 фоизга камаядиган бўлса, Хитойда 5,7 миллион киши дарҳол ишини йўқотиши мумкин, ва бу рақам ҳаттоки 15,8 миллион ишчигача етиши мумкин.
Пекин АҚШ билан савдо уруши даврида ўз иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга мақсадида одамларни кўпроқ сарфлашга ундовчи ташаббуслар илгари сурмоқда. Таклиф этилаётган ғоялар орасида эҳтиёжмандларга субсидия ажратишни кўпайтириш ва нафақахўрлар учун пенсия тўловларини яхшилаш мақсадида маҳаллий ҳукуматларни ҳаракатга келтириш ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, савдо урушидан АҚШ компаниялари ҳам зарар кўрмоқда. 29 апрел куни юк ташиш гиганти United Parcel Service 20 мингта иш ўрнини қисқартираётганини ва 73 та биносини ёпаётганини маълум қилди. General Motors эса бу йилги барқарор даромад прогнозига энди таяниб бўлмаслигини айтди. Компания бунга сабаб сифатида Трамп маъмуриятининг импорт автомобиллар ва эҳтиёт қисмларига қўйган бож тарифларини кўрсатди.
Маълумот учун: АҚШ ҳукумати Хитойдан кириб келадиган маҳсулотларга нисбатан 145 фоизлик бож тарифини жорий қилган, Хитой эса бунга жавобан 125 фоизлик бож тарифи билан жавоб берган.