platina.uz
Жамият

Божхона қўмитаси қимматбаҳо телефон олиб кириш бўйича маълумот берди

Ҳаво транспортида 1000 АҚШ долларигача бўлган қурилмаларни божсиз олиб кирса бўлади. "iPhone 17" нархи бундан ошиқ бўлгани сабабли фуқаролар товарнинг чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови тўлайди. 

Божхона қўмитаси қимматбаҳо телефон олиб кириш бўйича маълумот берди

Божхона қўмитаси хориждан қимматбаҳо телефон олиб кириш бўйича маълумот берди.

Бугунги кунда жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадида мобил қурилмаларни олиб киришда божхона тўловлари тўланиши юзага келган ҳолатлар бўйича жуда кўплаб саволлар юзага келмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги 244-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари:

-ҳаво транспортида 1000 АҚШ доллари;

-темир йўл ва дарё транспортида 500 АҚШ доллари;

-автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали 300 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Бунда, мобил қурилма божхона қиймати белгиланган нормадан ортган тақдирда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 55-сон қарорига асосан божхона органлари томонидан божхона кирим ордерини тўлдириш ва расмийлаштириш учун БҲМнинг 25 фоизи (103 000 сўм) божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади.

Ўз навбатида, мобил қурилманинг божхона қиймати чеклар, квитанциялар ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари билан тасдиқланган, маълум қилинган қийматдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қиймати тўғри белгиланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотлар бўлмаган тақдирда божхона органи товарларнинг божхона қийматини мустақил равишда белгилайди.

Бунда, божхона органи ўз ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборотдан яъни божхона юк декларатсиялари электрон база маълумотлари ва муқобил манбаларидан олинган нархлардан фойдаланади.

Муқобил манбаларидан олинган нархларга ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки етказиб берувчиларнинг расмий эълон қилинадиган маълумотномалари, бюллетенлари, прайс-варақлари ва бошқа ишончли манбалар киради.

Мисол учун, бугунги кунда фуқаролар томонидан энг кўп қизиқиш билдирилаётган “iPhone” русумидаги мобил қурилма олиб кирилганда, унинг божхона қиймати агар харид чеки, квитанцияси ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлса, ундаги қийматдан келиб чиқиб, агар мавжуд бўлмаса ишлаб чиқарувчи ҳисобланадиган “Apple”нинг фуқаро келаётган давлатдаги расмий сайти маълумотлардаги нархларга асосланилади.

Шунингдек, мазкур қурилмаларнинг божхона қиймати улар олиб кирилаётган давлатдаги нархларга чамбарчас боғлиқ.

Шу муносабат билан Божхона қўмитаси “iPhone” русумидаги мобил қурилмаларни божхона расмийлаштириш жараёнида қўлланилаётган божхона қиймати ҳақидаги маълумотларни улар энг кўп олиб кирилаётган давлатлар кесимида тақдим этиб боради.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid