platina.uz
Жаҳон

Словакия бош вазирига суиқасд қилишга уринган шахс 21 йилга қамалди

Бош вазир жиноятчини кечирганини, унга нисбатан адовати йўқлигини маълум қилган.

Словакия бош вазирига суиқасд қилишга уринган шахс 21 йилга қамалди

Ўтган йили мамлакатнинг бош вазири Роберт Фицога нисбатан суиқасд қилишга уринган шахс террорчилик ҳужумида айбдор деб топилиб, уни 21 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Жураж Cинтула исмли гумонланувчи 2024 йил 15 май куни Ҳандлова шаҳрида ҳукумат йиғилишидан сўнг тарафдорлари билан учрашаётган бош вазирга қарата ўқ узган.

Фицо қорин қисмидан ўқ еб, Ҳандлова шаҳридан яқин атрофдаги Банска Бистрица шаҳридаги касалхонага олиб кетилган. У ерда у беш соат давом этган жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, икки кундан сўнг эса яна икки соатлик операция қилинган. Ҳозирда у соғайиб кетган.

Ҳукм Словакиянинг марказий қисмидаги Банска Бистрица шаҳрида жойлашган Махсус жиноят суди томонидан эълон қилинди. Cинтула ва прокурорлар ҳали ҳам ушбу қарордан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

72 ёшли Cинтула ҳужумдан сўнг дарҳол ҳибсга олинган ва қамоқда сақланиши буюрилган. Терговчилар томонидан сўроқ қилинганда, у ўзини “террорчи” деб аташ айбловини рад этган.

Cинтула эса отишма сабабини ҳукумат сиёсати келишмовчиликлари билан изоҳлаган. У Махсус жиноят судида кўрсатма беришдан бош тортган.

“Мен бош вазирнинг саломатлигига зарар етказишга қарор қилдим, лекин ҳеч кимни ўлдириш ниятим йўқ эди”, — деди у гувоҳлик берар экан. У, шунингдек, бош вазир омон қолганини билиб, худди шундай енгиллик ҳис қилганини айтди.

Дастлаб Cинтулага қотиллик уюштиришга уриниш (ўлдиришга уриниш) айби қўйилганди. Кейинчалик прокурорлар бу айбдан воз кечиб, терговчилар аниқлаган далилларга асосланиб, унинг ўрнига янада оғирроқ — террор ҳужуми уюштириш — моддасига асосан иш қўзғатганини маълум қилдилар. Бироқ бу борада батафсил маълумот берилмади.

Фицо аввалроқ бу ҳужум бир шахс томонидан амалга оширилмаганини даъво қилиб, либерал мухолифат ҳамда оммавий ахборот воситаларини айблаган эди. Бироқ бу даъволарни тасдиқловчи ҳеч қандай далил топилмади.

Бош вазир суд жараёнида иштирок этмаган. Фицо илгари ўзига ҳужум қилган шахсни кечирганини ва унга нисбатан адовати йўқлигини айтди.

Фицо узоқ йиллардан бери Словакияда ва ундан ташқарида баҳсли шахс сифатида танилган. У 2023 йилги парламент сайловларида Россияпараст ва Америкага қарши шиорлар билан олиб борилган кампаниядан сўнг, ўзининг чап қанотдаги Смер (“Йўналиш”) партияси ғалаба қозониб, тўртинчи марта ҳокимиятга қайтган эди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid