Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилиши мумкин
Институтнинг минтақавий бўлинмалари Нукус, Бухоро, Термиз, Самарканд ва Фарғона шаҳарларида ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб адлия, юридик хизмат, адвокатура ва нотариат соҳалари бўйича юридик кадрларни билим ва кўникмаларини доимий ошириб боришни назарда тутувчи кредит-модул механизмига асосланган узлуксиз касбий ривожлантириш тизими жорий этилади;
Институтнинг минтақавий бўлинмалари Нукус, Бухоро, Термиз, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида ташкил этилади;
Институтда юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш ўқув курсларини тугатган ва диплом олган шахслар юридик хизматларда, давлат хизматлари марказлари ,фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида барча лавозимларда, cуд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура ва нотариат тизимида олий юридик маълумот талаб этмайдиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади;
Қарор лойиҳасига кўра, Адлия вазирлиги Адвокатлар палатаси ва Нотариал палата билан биргаликда 2025 йилдан бошлаб ҳар йили “Энг яхши адвокат”, “Энг яхши нотариус” ва “Энг яхши адлия ходими”, “Энг яхши юридик хизмат ҳодими”, “Энг яхши архив ходими” номинациялари бўйича республика кўрик-танловини ташкил этади.
Кўрик-танловнинг ҳар бир номинация бўйича ғолиблари уларнинг эгаллаган ўрнига қараб, тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50, 30 ва 20 баравари миқдорида бир марталик рағбатлантирилади ҳамда ушбу харажатлар Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
Лойиҳа юзасидан муҳокамалар 4 августгача давом этади.