Кўплаб йўналишларда ёшларнинг барча қатламини қамраб олаётган лойиҳа — “Тошкент ёшларни севади” ойлиги қандай ўтяпти?
Пойтахт ҳокимлиги “Тошкент ёшларни севади” ойлигини ўтказяпти. Ушбу ойлик моҳиятан жуда чуқур ўйлангани, айниқса, ёшларнинг барча қатламини фойдали ва мазмунли лойиҳалар билан қамраб олаётгани эътиборга молик.
Вақтинча ишсиз хотин-қизларга эътибор. Пойтахт қизларини замонавий касбларга ўқитиб, бандлигини таъминлаш ва энг асосийси, уларни даромадли қилиш мақсадида Тошкентда истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган 1 000 нафар қиз SMM соҳасига мутлақо бепул ўқитилмоқда. SMM соҳаси орқали уйда ўтириб ҳам даромад топиш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.
Бу лойиҳада ўқиётганлар орасида уй бекалари, талаба-қизлар ва ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам бор.
Очиқ мулоқотлар. Замонавий касблар, ёшлар муаммолари, фан ва таълим, ахборот технологиялари, миллий медиа, ёшлар туризми, экология, спорт, адабиёт ва тадбиркорлик каби 10 та муҳим йўналишда 15-29 ноябрь кунлари соҳасининг энг тажрибали мутахассислари билан ёшларнинг очиқ мулоқотлари ўтказилди.
Бунда минглаб ёшлар, ўқувчи ва талабалар иштирок этишди. Мутахассисларнинг маслаҳат ва тавсияларини эшитиш билан бир қаторда, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Очиқ мулоқотлар YouTube тармоғида жонли эфир қилинди. Шунингдек, тўлиқ ҳолда тармоққа жойланди.
Истеъдодли болалар учун лойиҳа. “Тошкент ёшларни севади” ойлиги мактаб ўқувчиларини ҳам назардан четда қолдирмади. Пойтахтнинг истеъдодли болалари учун 6-12 декабрь кунлари “Орзу” болалар ижодиёти танлови бўлиб ўтади. Унда 6–8, 9–11 ва 12–14 ёш тоифасидаги ўқувчи-болалар классика, вокал, чолғу, рақс, адабиёт, тасвирий ва амалий санъат йўналишларида якка ёки жамоавий тарзда қатнашиши имконияти яратилди.
Маданий ҳордиқ. 25 ноябрь куни “Заковат арена”да “Stand Up ёшлар” дастури ўтказилди. Ёшлар, айниқса, талаба йигит-қизлар бўш вақтини мазмунли ўтказиб, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун бу айни муддао бўлди.
Бу ҳаммаси эмас, 9-13 декабрь кунлари Миллий кино саройда (панорамада) пойтахтинг аълочи бошланғич синф ўқувчилари учун мюзикл томошаси ҳам ўтказилади. “Алпомиш” муз саройида эса 16 декабрь куни катта гала концерт дастури режалаштирилган. Буларнинг барчаси ёшларга ўзгача адреналин улашиши аниқ.
Бандлик йўналиши. Ойлик доирасида бир қатор кўргазмалар ҳам ўтказилади. Айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш йўлида дипломи бор, аммо иш топа олмаётган ёшлар учун ҳам, дипломи йўқ ёшлар учун ҳам 10-14 декабрь кунлари “Алпомиш” муз саройида иш берувчиларнинг кўргазмаси ташкил этиляпти. Бу каби лойиҳалар аввал камдан-кам учрарди.
Иш берувчиларни бир жойга йиғиш ва ёшлар билан учраштириш ортидан қанчадан-қанча ёшлар ишли бўлиши турган гап.
Бундан ташқари, пойтахтда ёшларнинг жамоатчилик тузилмаларини тузиш ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланди. Хусусан, 11 ноябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети магистранти Отабек Собитов талабалар ассоциацияси раиси ва унинг турли йўналишлар бўйича ёрдамчилари очиқ овоз бериш йўли орқали сайланди.
Бунда талабаларнинг илмий изланишларига кўмак бериш, networking учун ўқув оромгоҳлари ташкил қилиш, ташаббускор талабалар ўртасида энг яхши лойиҳа муаллифларини тақдирлаш мақсадида “Йил мукофоти”ни жорий қилиш, сўровномалар ўтказиш орқали талабалар муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишга кўмаклашиш каби мақсадлар кўзланган.
Шунингдек, 13 ноябрь куни “Ёш ўқитувчи ва олимлар кенгаши” тузилиб, бошқарув раиси этиб иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, ёш олим, Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси Шоҳрух Боймуродов сайланди.
Шу куни Тошкент шаҳар ёш ўқитувчи ва олимлар кенгашининг биринчи таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Илк бора ташкил этилган кенгаш йиғилишида 500 нафардан зиёд мактаблар, профессионал ва олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган ёш ўқитувчилар, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда таянч докторантлар қатнашди.
Тадбирдан кўзланган мақсад — ёшларнинг илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, уларнинг илмий ғоя ва ташаббусларини юзага чиқариш ҳамда фаолиятларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Умуман, бу ойлик Тошкентда ёшларнинг барча қатлами учун ишлаяпти, ҳамма тоифани қамраб олишга ҳаракат қиляпти. Ўтказилаётган лойиҳаларнинг мазмун ва моҳияти жуда чуқур ўйлангани билан ҳам аҳамиятлидир.
Бу ойликни аввалгиларга ўхшамаган ва бугунгилар орасида муқобили йўқ ойлик бўлди, деб бемалол айтса ярашаверади. Пойтахт ҳокимлиги ва бошқа ташкилотчилар астойдил тайёргарлик кўргани, ёшлар учун тинимсиз ҳаракат қилаётгани яққол кўриниб турибди.