Энди зилзилалар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади
Дастлабки босқичда ўрта ва узоқ муддатда прогноз қилиш Тошкент шаҳри мисолида ташкил этилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб сунъий интеллект ёрдамида сейсмик хавф юқори бўлган ҳудудларда кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатларда прогноз қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
20 октбяр куни имзоланган “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига кўра, дастлабки босқичда сунъий интеллект ёрдамида кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатда прогноз қилиш Тошкент шаҳри мисолида ташкил этилади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлик бўйича техник ҳолати сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади.
Шунингдек, республикадаги “А-373” ва “М-39” автомобил йўлларида ҳамда уларга туташ тоғли ҳудудлардан ўтган темирйўлларда кўчки содир бўлиши эҳтимоли юқори ҳудудларнинг доимий радиолокацион космик мониторинги ташкиллаштирилади.
Фармон билан маданий мерос объектлари ва транспорт иншоотларининг зилзилабардошлигини мониторинг қилиш тизимини яратилади, сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаси рақамлаштирилади ва унга сунъий интеллект технологиялари татбиқ этилади, қурилиш майдонлари учун замин грунтларини ўрганиш ва уларнинг мустаҳкамлигини ошириш чоралари кўрилади.