platina.uz

“Қониқарсиз” баҳоланган вазирлик, идора раҳбарлари ва ҳокимлар учун шахсий жавобгарлик белгиланади

ССВ, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги  ходимлари тайинланади.

Жамият
10 соат аввал
“Қониқарсиз” баҳоланган вазирлик, идора раҳбарлари ва ҳокимлар учун шахсий жавобгарлик белгиланади

Президентнинг коррупция бўйича фармони ва қарори эълон қилинди.

“Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-71-сон, 21.04.2025 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 2025 йил 5 мартда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Коррупция ва жиноятчиликка қарши курашишда парламентнинг ролини тубдан ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарига қуйидагилар тавсия этилди:

-ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;

- вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартибни қонун ҳужжатларида белгилаш;

- халқаро тажрибани ўрганиб, кибермаконда коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

- ишчи гуруҳ тузиб “жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги”да ҳар ойнинг 1–5 саналарида “қизил” тоифадаги маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш;

-ҳудудий прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар бериш ҳамда халқчил ташаббуслар асосида қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Фармонга кўра, Иқтисодиётда коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида:

-давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ҳамда унинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган чегарасидан четга чиққан ҳолда харидларни амалга оширган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади;

-2025 йилнинг 1 июлидан йирик инвестиция лойиҳаларида коррупцияга қарши халқаро стандартлар ҳамда йирик аукцион шартларини рақобатбардошлик экспертизасидан ўтказиш тартиби жорий этилади;

-“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими қамрови янада оширилиб, босқичма-босқич халқаро ташкилотлар иштирокидаги лойиҳаларга жорий қилинади.

2025 йил якунича:

-халқаро тендер объектлари бўйича субпудратчилар “Шаффоф қурилиш” тизими орқали жалб қилинади;

-қиймати 2 млн АҚШ долларигача бўлган халқаро молия ташкилотлар ҳисобидан молиялаштириладиган маҳаллий тендерлар “Шаффоф қурилиш” тизимида ўтказилади;

-халқаро тендерлар бўйича жалб қилинган чет эл пудрат ташкилотлари шартнома қийматининг камида 60 фоизини ўз кучи билан бажариш тартиби жорий этилади.

2026 йил 1 январгача вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини туман (шаҳар) кесимида аҳолининг ўзи баҳолайдиган тизим жорий этилади.

Бунда аҳоли томонидан “қониқарсиз” деб баҳоланган вазирлик, идора раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари шахсий жавобгарлиги белгиланади.

Сунъий интеллект асосида аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган саволларига мобил телефон орқали содда ва қулай шаклда жавоб олиш имкониятини берадиган онлайн платформа ишга туширилади.

“Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-147-сон, 21.04.2025 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

- коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

- давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий омилларни бартараф этиш, маиший коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, рақамлаштириш, бюрократияни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва якунлари бўйича аниқланган коррупциявий нормаларни бекор қилиш бўйича таклиф киритиш.

Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади.

Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари тасдиқланди.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий этилади:

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Агентлик) ходимлари тайинланади;

- эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари бевосита Агентликка бўйсунади;

- эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш Агентлик ҳамда эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар томонидан биргаликда амалга оширилади.

Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш, уларнинг ходимларини стажировка ва аттестациядан ўтказиш ҳамда малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

2025 йил 1 июлгача “E-anticor.uz” да ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестрини юритиш, ҳисоботни электрон тақдим этиш, аноним сўровномалар ўтказиб эълон қилиш имконини берувчи электрон модуль ишга туширилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+