Асадулла Қаюмов “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ раиси этиб тайинланди
У аввал Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари сифатида ишлаган.

Асадулла Қаюмов “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқарув раиси лавозимига тайинланди.
Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Қаюмов Асадулла Уролович бошқа ишга ўтиши муносабати билан Қўмитадаги амалий фаолиятини якунлади.
Асадулла Қаюмов илк фаолиятини 2007 йил Қўмитада етакчи мутахассис лавозимидан бошлаган ва 2017 йилга қадар бош мутахассис, бўлим бошлиғи ўринбосари ҳамда бошқарма бошлиғи лавозимигача кўтарилган.
2022-2025 йилларда Қўмита раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борди.
Асадулла Қаюмов “Рақобат тўғрисида”, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Реклама тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг бир қанча фармон ва қарорлари қабул қилиниши ва такомиллаштирилишига ўз ҳиссасини қўшган.