Озарбайжонда Президент Администрацияси собиқ раҳбари қўлга олинди
Рамиз Меҳдиев ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уриниш ва давлатга хиёнатда айбланган.

Боку шаҳрининг Сабаил туман суди ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланаётган Президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Рамиз Меҳдиевни тўрт ойга уй қамоғига олиш ҳақида қарор чиқарди.
Тергов маълумотларига кўра, 87 ёшли Меҳдиевга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси (ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ёки ушлаб туриш), 274-моддаси (давлатга хиёнат) ва 193-моддаси (сохта тадбиркорлик) бўйича айблов қўйилган.
Рамиз Энвер ўғли Меҳдиев 1938 йил 17 апрелда Боку шаҳрида туғилган. 1957 йилда Боку денгиз мактабини, 1966 йилда Озарбайжон давлат университетининг (ҳозирги Боку давлат университети) тарих факультетини тамомлаган. 1968 йилда Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг фалсафа факултетининг аспирантурасига ўқишга кириб, 1972 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, фалсафа фанлари номзоди илмий даражасини олди.
Меҳдиев сиёсий фаолиятини талаба ёшлар ташкилотларида бошлаган. 1960-йилларнинг охирларида Озарбайжон КП Нахчиван вилояти қўмитасида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 1970 йилларда “Илмий коммунизм” кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаган, кейинчалик Озарбайжон Компартияси Марказий Комитетида турли лавозимларда ишлаган.
1978 йилда 26 Боку Комиссарлари округ партия қўмитасининг биринчи котиби этиб сайланди. 1980 йилларда фан ва ўқув юртлари бўлимига, сўнгра ташкилий-партия ишлари бўлимига раҳбарлик қилган. Бу даврда у Озарбайжонда атеизмни тарғиб қилиш бўйича фаол фаолияти билан ҳам танилган.
1983 йилда Меҳдиев Озарбайжон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби этиб сайланган, аммо 1988 йилда у ўз лавозимидан озод қилиниб, Фанлар академиясига юборилган. 1980—90 йилларда икки марта Олий Кенгаш депутати этиб сайланган. 1994-1995-йилларда Президент Администрациясида бўлим мудири лавозимида ишлаган.
Рамиз Меҳдиев 1995-2019 йилларда Президент Администрацияси раҳбари бўлиб ишлаган ва мамлакат сиёсий қарорларини тайёрлаш ва амалга оширишда асосий шахс ҳисобланган. 2019 йилда бу лавозимни тарк этгач, у Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг президенти этиб сайланган, бироқ 2022 йилда истеъфога чиққан.
Меҳдиев узоқ йиллик “Янги Озарбайжон” партиясининг аъзоси бўлган, Президент ҳузуридаги Афв этиш комиссиясини бошқарган ва партия бошқарувида ишлаган.