Жиззах вилояти кўмир омбори раҳбари жазоланади
Вилоятда сифатсиз кўмир аниқланган ва аҳоли орасида норозилик кучайган.

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 17-сессиясида сабабсиз иштирок этмагани, депутатлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масаласи юзасидан асосли эътирозлар билдиргани учун Жиззах вилояти кўмир омбори раҳбари М.Хуррамовга интизомий чора кўрилади.
Маълум бўлишича, аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилаётган кўмир маҳсулоти сифатсиз экани аниқланган. Фуқаролардан бу борада асосли эътирозлар келиб тушган.
Омбор раҳбарига ижтимоий соҳа объектлари, таълим, тиббиёт муассасаларини 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида ўз вақтида ва сифатли кўмир маҳсулоти билан таъминлаш вазифаси қатъий белгилаб қўйилган.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар таълим муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва беталафот ўтказиш учун етарли маблағ ажратмагани сабабли бугунги кунда айрим таълим муассасаларида муаммолар юзага келмоқда.
Жумладан:
- Арнасой туманида 17 та, яъни 11 та мактаб ва 6 та давлат боғчасида 58 та иситиш қозони маънан эскириб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
- Зафаробод туманидаги 1-мактабга “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ томонидан ҳожатхона ҳомийлик ёрдамида қурилган бўлиб, марказий канализацияга уланмагани сабабли ўқувчиларга қийинчилик туғдирмоқда.
- Зарбдор туманида 26 ва 29-мактабларнинг 4 тадан иситиш қозони яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
- Жиззах шаҳридаги 1-сонли давлат боғчаси, 18 ва 28-мактабларнинг сув насослари ишдан чиққан.
- Янгиобод туманидаги 3-мактабнинг 3 та иситиш қозони маънан эскиргани сабабли қиш мавсумида тўлиқ қувват билан ишламаслиги маълум бўлмоқда.
Шу мақсадда юқоридаги туманлар ҳокимларига:
- таълим муассасаларида аниқланган мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратган ҳолда камчиликларни бартараф этиш;
- амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари вилоят кенгашига ахборот киритиш;
- “Жиззах сув таъминоти” МЧЖга Зафаробод туман 1-мактабга ҳокимлик асосида қурилган ҳожатхона канализациясидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш вазифаси топширилган.