platina.uz

Жиззахда маданият бўлими ҳисобчиси бюджет пулларини ўзлаштириб юборди

У ноқонуний равишда ўзига ва бошқа ходимларга иш ҳақи, мукофот ва моддий ёрдам пуллари ёзиб келган. 

Жамият
18 соат аввал
Жиззахда маданият бўлими ҳисобчиси бюджет пулларини ўзлаштириб юборди

2025 йил 18 феврал куни Ғаллаорол туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланган ҳисобчига ҳукм ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Маълум бўлишича, А.П. Ғаллаорол тумани Маданият бўлимида бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб келган. У мансабдор бўлгани ҳолда, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига зид равишда, ишчи ходимлар ва ўзига 16 млн. 253 минг 300 сўм ортиқча иш ҳақи тўлаб юбориб, бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яна жами 33 млн. 457 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағларини ходимларга ноқонуний тарзда мукофот, ёрдам пули ва бошқа кўринишларда тўлаб, пулларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, А.П. ҳисобхонада фойдаланилган ЎзАСБО дастурига ғаразгўйлик манфаатини кўзлаб, била туриб 2023-2024 йиллар давомида сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, давлат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Судда А.П. ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.

Суд судланувчи А.П.га жазо тайинлашда, унинг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жиноят иши бўйича етказилган моддий зарарнинг тўлиқ қопланганлигини, оилада ягона боқувчилигини, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб баҳолади.

Унга 1 йил 6 ой муддатга давлат корхона, муассаса, ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Суд иши Олий суд порталидан олинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+