platina.uz
Жамият

Бўстонлиқда гиёҳвандлик моддалари сабаб беш ака-ука қўлга олинди

Ушбу фуқаролар муқаддам худди шундай жинояти сабаб судланган. Улар ҳатто икки нафар фарзандларини ҳам мазкур ишга жалб этишгани аниқланди. 

Бўстонлиқда гиёҳвандлик моддалари сабаб беш ака-ука қўлга олинди

ДХХ Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказди.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида яшовчи 5 нафар ака-укаларнинг яшаш хонадонлари холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, улар томонидан яшириб қўйилган жами 9 кг 14 гр марихуана, 1 туп каннабис, 1 дона пневматик қурол, ов қуролига тегишли 21 дона патрон, 19 дона гилза, 1 дона резина таёқчаси (дубинка), 2 дона совуқ қурол ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу фуқаролар муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.

Энг ачинарлиси, улар 2003 й.т. 2 нафар фарзандларини ҳам ўзларининг қабиҳ ишларига жалб қилишган.

Шунингдек, уларнинг шериги ҳисобланган, 1970 й.т. шахснинг яшаш манзили ҳам кўздан кечирилганда хонадон омборхонаси ва ошхонасида жами 7 дона қоғоз бўлагига солинган қуруқ ҳолатдаги каннабис ва чекиш учун мўлжалланган мослама борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган гиёҳвандлик воситасининг айланмасига чек қўйилди.

Жумладан, Юнусобод туманида яшовчи, 1983 й.т. шахс бошқарувида бўлган “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашинанинг салон қисмида соф оғирлиги 967 гр бўлган “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги ҳисобланган, 1985 й.т. фуқародан ҳам 1 кг 992 гр “гашиш” моддаси олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан ички ишлар ҳамда божхона идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманидаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, унда 1956 й.т. шахсга тегишли 6880 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Келгусида Тошкент шаҳрида сотилиши режалаштирилган ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган бўлиб, умумий қиймати 412 млн сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввал ДХХ Тошкент шаҳри ва Сурхондарёда адвокатларни қўлга олганди.

Пойтахтда адвокат фуқаронинг ишини суд органларида ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал этиб, енгиллик қилиб бериш эвазига 3700 АҚШ доллари олган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid