platina.uz

Остонада Алишер Навоий ҳайкали очилди

Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевга Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.

Маданият
8 август 2024 йил
Остонада Алишер Навоий ҳайкали очилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Остона шаҳрида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини тантанали равишда очдилар.

Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатиш ташаббуси учун самимий миннатдорлик билдириб, Қозоғистон пойтахти марказида муҳташам ёдгорлик бунёд этилгани қозоқ халқининг қардош Ўзбекистонга бўлган чуқур ҳурматининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.

- Буюк файласуф ва инсопарвар шоир Алишер Навоийнинг ижодий мероси нафақат ўзбек халқига, балки бутун дунёга тегишли ноёб бойликдир. Навоий асарлари XVI асрдаёқ итальян ва немис тилларига таржима қилинган бўлса, бугунги кунда дунёнинг деярли барча тилларида янграмоқда. Асрлар давомида ҳаётнинг ўзига хос энциклопедияси бўлган унинг ижоди миллионлаб инсонларни ҳайратга солиб, руҳлантириб келмоқда, - деди Ўзбекистон Президенти.

Ҳайкали Тошкентнинг марказий майдонларидан бирини безаб турган қозоқ халқининг буюк фарзанди, қозоқ адабиётининг мумтоз намояндаси Абай Қўнонбоев Шарқнинг бошқа буюк шоирлари қатори Алишер Навоийни ҳам ўзининг устози деб билган.

Навоий ва Абай ижоди абадият, дўстлик, муҳаббат ва садоқат шеъриятидир. Уларнинг фалсафий қарашлари миллатнинг маънавий юксалишида бебаҳо манба ҳисобланади.

2020 йилда марҳум қозоқ шоири Несипбек Айтули Алишер Навоийнинг энг муҳим асари - "Хамса"ни қозоқ тилига таржима қилиб, нашр этди ва ушбу китобга сўзбоши шахсан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев томонидан ёзилди.

- Ишончим комилки, Алишер Навоий ҳайкали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарининг яна бир ёрқин рамзига айланади, унинг мероси эса яна кўплаб авлодларни буюк ютуқларга илҳомлантиради, - деди сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+