platina.uz

Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди

Шавкат Мирзиёев Франциянинг олий мукофоти - Фахрий легион ордени билан тақдирланди. 

Сиёсат
3 соат аввал
Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди

Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида Мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашилди.

Давлат ташрифи давомида қуйидагилар ҳам имзоланди:

- Ўзбекистон-Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;

- реадмиссия тўғрисида ҳукуматлараро битим;

- ташқи ишлар вазирликларининг 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

- 2026-2030 йилларда Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик дастури;

- халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;

- соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация;

- француз тилини ўқитишни кенгайтириш тўғрисида баённома;

- мусиқа, кино ва театр соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида декларация;

- Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Франция Маданият вазирлиги, Маданий мерос миллий институти ва Марказий Осиё тадқиқотлари институти ўртасидаги ҳамкорлик битимлари;

- Тошкент ва Париж шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида баённома ва бошқа икки томонлама ҳужжатлар.

Ташриф доирасида Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Франция Республикасининг олий мукофоти - Фахрий легион ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Юксак мукофотни давлатимиз раҳбарига Франция Президенти Эммануэль Макрон тантанали равишда топширди.

Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу орденга сазовор бўлди.

Мамлакатимиз етакчиси мукофот учун Франция раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, кейинги йилларда сермаҳсул ҳамкорликда юксак натижаларга эришилгани, икки мамлакат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.

Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган. Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+