Украина ўт очишни тўхтатишга рози бўлди: асосий янгиликлар
АҚШ раҳбари Доналд Трамп эса Украина ҳатто ўт очишни бутунлай тўхтатишга тайёрлигини билдирди.

Украина ҳарбий ҳаракатларда 30 кунлик танаффусга рози бўлди. Шунингдек, АҚШ ҳарбий таъминот ва разведка маълумотларини алмашишни тиклайди. Бу ҳақда икки давлатнинг Саудия Арабистонидаги музокаралари қўшма баёнотида айтилади.
Украина ва АҚШ делегациялари Жиддадаги музокаралар якунида қўшма баёнот берди. Унинг энг муҳим жиҳати: Украина "Россия томонидан қабул қилиниши ва аниқ бажарилиши шарти билан томонларнинг ўзаро келишуви билан узайтирилиши мумкин бўлган 30 кунлик вақтинчалик сулҳга" рози бўлишга тайёр.
Баёнотда, шунингдек, АҚШ Украинага хавфсизлик соҳасида ёрдам ва разведка маълумотлари алмашинувини қайтадан бошлаши айтилган.
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат фронт бўйлаб ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини тасдиқлади.
Вазиятга қараб 30 кунлик муддат узайтирилиши мумкин.
АҚШ раҳбари Доналд Трамп эса Украина ҳатто ўт очишни бутунлай тўхтатишга тайёрлигини билдирди. У шунингдек, тез орада Путин билан гаплашишига ишора қилди.
Ҳозирда Россия мазкур хабарларга расмий жавоб берганича йўқ.