platina.uz

"Украина урушидан бошқа ишлар ҳам бор": АҚШнинг сабри тугамоқда

Агар Россия ва Украинанинг тинчлик ўрнатиш бўйича масаласи яқин кунларда ҳал бўлмаса, АҚШ келишувни ташкиллаштиришдан воз кечади, деди мамлакат давлат котиби. 

Жаҳон
3 кун аввал, 20:33
"Украина урушидан бошқа ишлар ҳам бор": АҚШнинг сабри тугамоқда

Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар муваффақиятли якунланмаса, АҚШ “ўйиндан” чиқиши мумкин.

Агар Россия ва Украинанинг тинчлик ўрнатиш бўйича масаласи яқин кунларда ҳал бўлмаса, АҚШ келишувни ташкиллаштиришдан воз кечади, деб маълум қилди АҚШ давлат котиби Марко Рубио.

“Биз келишувни амалга оширишга ҳафталар, ойлар давомида ҳаракат қилдик, бироқ бизда бошқа муҳим ишлар ҳам бор”, — дея қўшимча қилди Марко Рубио.

Гарчи Трамп маъмурияти урушни тезда тўхтата олишига ишончи комил бўлган бўлса-да, тўқнашувларни тўхтатишга қаратилган ҳаракатлар самара бермади. Расмий Вашингтон иккала томонни айбламоқда.

Парижда Европа давлатлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Рубио: “Биз бу урушни тўхтатиш масаласини яқин кунларда ҳал қилиб олишимиз керак. Агар бу рўй бермаса, масалани ортда қолдирамиз”, — деб айтиб ўтди.

Ваҳоланки, АҚШ президенти Доналд Трамп қайта президентликка сайланишидан олдин, агар президентликка қайтса, урушни 24 соат ичида ҳал қилишини айтганди.

Кремл вакили Дмитрий Песковдан Трамп Россиядан хабар кутаётганига оид фикр сўралганда, музокаралар оғир кечаётганини айтди. Россия бу низони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканлигини ва музокараларга очиқлигини билдирди.

17 апрель куни Украина ва АҚШ ўртасида имзоланган меморандумда Украина иқтисодиётини тиклаш ва инвестициялар киритиш учун фонд ташкил этиш масаласи бўйича қарор қабул қилинди. Келишувни 26 апрельгача якунлаш мақсад қилинган. Баёнотда америкаликлар украиналикларнинг хавфсиз, мустақил ва эркин бўлишини хоҳлаши таъкидланган.

Украина иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко меморандум имзолангани ҳақидаги хабарни ўзининг Х платформасида эълон қилди.

“Ҳали қилинадиган ишлар кўп, бироқ ҳаракатлар ҳозирги суръатда давом этса, ҳужжат иккала томон учун ҳам фойдали бўлишига ишонаман”, — деди Юлия Свйрйденко.

Трамп Италия етакчиси Жоржия Мелони билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида фойдали қазилмалар бўйича келишувга ишора қилиб, шундай деди: “Бизда бир фойдали қазилмалар бўйича келишув бор. У 24 апрел куни имзоланади, деб ўйлайман. Улар бу келишувга риоя қилишади, деб ҳисоблайман. Кўрамиз, аммо бизда бу борада келишув мавжуд.”

Украина парламентининг Евроиттифоққа интеграция бўйича қўмитаси раиси ва депутат Иванна Климпуш-Цинцадзе BBC`га берган интервюсида ушбу келишув бўйича “сўнгги сўз”ни Украина парламенти айтишини таъкидлади.

“Умид қиламанки, имзоланиши ва ратификация қилиниши мўлжалланаётган ҳар қандай ҳужжат мамлакатимиз ва халқимиз манфаатларини инобатга олган ҳолда асослантирилган бўлади”, деди у.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+