Тибетдаги кучли ер силкинишида 53 киши ҳалок бўлди
АҚШ Геологик хизмати зилзила кучини 7,1 магнитудали дея баҳолади.
![Тибетдаги кучли ер силкинишида 53 киши ҳалок бўлди](https://cp.platina.uz/media/CACHE/images/3067042.5191c146b72e6321182463f9fb437ee5.aa7483fbfbe4.webp)
Тибетнинг баланд тоғли ҳудудларидан бирида содир бўлган кучли зилзила натижасида камида 53 киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда "Синхуа".
Жабрланганлар сони эса 62 кишини ташкил этмоқда. Ер силкинишлари натижасида кўплаб бинолар қулаган.
Хитой сейсмологик тармоқ марказининг (CENC) маълум қилишича, Непал билан чегара яқинидаги Тибет автоном районидаги Дингри округида маҳаллий вақт билан соат 9:00 атрофида 6,8 магнитудали зилзила содир бўлган.
АҚШ Геологик хизмати эса 7,1 магнитудали зилзила ҳақида хабар берди. Ер силкиниши Непал пойтахти Катмандуда ҳам сезилди.
"Дингри округи ва унинг атрофидаги ҳудудларда жуда кучли силкинишлар содир бўлди, эпицентр яқинидаги кўплаб бинолар қулаб тушди", - дея хабар беради CCТV давлат телерадиокомпанияси.
Хитой оммавий ахборот воситалари маҳаллий ҳокимият идоралари зилзила оқибатларини баҳолаш учун округдаги аҳоли пунктларини текшираётгани ҳақида хабар бермоқда.
Баланд тоғли округда 62 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу минтақада зилзилалар тез-тез содир бўлади, аммо бугунги зилзилалар сўнгги беш йилдаги энг кучлиси бўлди, деди CENC.