Жорий йилда 132 минг ўринли талабалар турар жойига талаб бор
Сўнгги йилларда республикада ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. 2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида давлат-хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли ётоқхоналарни барпо этиш ва талабаларни турар жой билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан ошириш белгиланган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузованинг маълум қилишича, ислоҳотлар натижасида давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойларининг сони бугунги кунда 287 тага етказилиб, жами 109504 нафар талабаларни жойлаштириш имконияти яратилди. Шунга қарамасдан, қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд.
Ушбу эҳтиёжни қондириш мақсадида Президентмизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Фармонига асосан
2023 йил якунига қадар 18 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш ва фойдаланишга топшириш белгиланган.
Жорий йилда ётоқхоналарни барпо этиш бўйича жами 28 526 ўринли 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 19576 ўринли 40 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан
3450 ўринли 7 та, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 3 900 ўринли 8 та ҳамда инвестиция дастури доирасида 1 600 ўринли 3 та лойиҳаларда тегишли ишлар амалга ошириляпти.
Айни дамда республика бўйича жами 16 466 ўринли 31 та лойиҳаларда қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон миллий университетида давлат-хусусий шериклик, асосида 86,3 млрд сўмлик лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, 1000 ўринли талабалар турар жойини қуриш ишлари бугундан бошланди.
Йил якунига қадар талабалар турар жойи фонди 127 минг ўриндан ошириш режалаштирилган.