Ҳоким ёрдамчиси ва унинг қизи катта миқдордаги кредитни талон-торож қилди
Улар умумий овқатланиш ва автоювиш шохобчаси учун банкдан кредит олган.

2025 йил 5 март куни жиноят ишлари бўйича Наманган туман судида ҳоким ёрдамчиси ва унинг қизига оид иш кўриб чиқилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, Р.Т. Наманган тумани, “Боғ кўча” МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаган. У қизи Д.Т.нинг номига “Effekt savdo diyori” МЧЖни ташкил этиб, ушбу жамиятни норасмий равишда бошқариб келган.
Улар “Умумий овқатланиш фаолиятини ташкил этиш” ҳамда “Автомойка жиҳозлари” сотиб олиш мақсадида ажратилган 350.000.000 сўм кредит маблағларини “Бизнес режа”га асосан хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга йўналтирмаган, 350.000.000 сўм пул маблағини “Sultan teks” МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказиб беришган.
Жиҳоз ва ускуналар “Sultan teks” МЧЖ томонидан тўлиқ етказиб берилгач, уларни терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахсларга сотиб юбориб, сотишдан тушган пулларни ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб, кредит қарздорлигини сўндиришга йўналтиришмаган. Натижада ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлар.
Судда ҳар иккала айбдор ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.
Якуний суд ҳукмига кўра, Р.Т.га ишлаган ш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Д.Т.га эса суд иш ҳақининг 10 фоизи миқдорини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади. Етказилган зарар тўлиқ қопланган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.