Ҳафта фожиаси: 12 яшар марҳуманинг бувиси ўзини кечиролмаяпти, онаси эса барчадан дуо сўрамоқда

Мен набирамни онасидан қарамоғимга олгандим. Чунки уларнинг ҳовлиси узоқроқ ва жуда кўп ариқли жойлар бор. Шунга менинг ҳовлим хавфсизроқ, шу ердан мактабга бориб келади, деб олганман. У йўқолган куни қидирмаган жойимиз қолмади, зовур борми, ариқ борми, қурилишлар борми – ҳаммасини қидирдик. Аммо қаердан билибманки, уйим олдидаги ариқ четидан мурдаси топилишини. Ўзимни кечиролмаяпманки, она ҳовлиси томондаги ариқларда юз бериши мумкин бўлган хавфлардан асрайман, деб ўз уйим олдидаги ариқдан мурдаси топилди...Марҳуманинг яқинлари айтишича, улар маҳалла участка нозирига 12 ёшли норасиданинг йўқолгани ҳақида мурожаат қилишган. Аммо қидиришга киришиш қоғоз-ҳужжатларни расмийлаштириш сабаб кечиккан. Маҳалла аҳли эса қизалоқни аллақачон қидиришни бошлаган. Марҳуманинг онаси қотил қизалоқни дарвоза олдидан оғзини ёпиб олиб кетганини таъкидлаяпти.
Акс ҳолда бақир чақир эшитилиши керак эди, – дейди у. – Негаки ўша куни ҳамма ҳовлида юрган.Яна бир изоҳ борки, айрим ахборот тарқатувчи ресурсларда марҳуманинг ота-онаси хорижда ишлашга кетган, дея маълумот берганлар ҳам бўлди. Аммо марҳуманинг бувиси берган тушунтиришга кўра, марҳуманинг онаси у кичкиналигида уй-жой қилиш мақсади билан хорижда маълум муддат ишлаб келган. Аммо улар узоқ вақтдан бери Ўзбекистонга қайтиб, уч қизининг тарбияси билан шуғулланган. Вояга етмаган жигарпорасидан айрилган она ҳеч кимга бундай фарзанд доғини кўрмаслигини, бутун мўмин мусулмонлардан қизалоғи руҳига дуо қилишни сўрамоқда.
Энди унга фақатгина дуолар етиб боради, – деб йиғламоқда муштипар она.Platina.uz сайти ижодкорлари марҳуманинг яқинларига ҳамдарлик билдиради. Эслатиб ўтамиз, айни шу мудҳиш воқеа фонида Platina.uz жамоатчиликнинг Ўзбекистонда ЎЛИМ ЖАЗОСИ истисно тариқасида мана шундай қабиҳ қилмишлар учун тикланиши ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаганди ва ҳали ҳам шу фикрда.