platina.uz

Пиёз нархининг ошиши: асл ҳақиқат қандай?

Жамият
21 январь 2023 йил
Пиёз нархининг ошиши: асл ҳақиқат қандай?
Ўзбекистондаги ноқулай об-ҳаво, ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши бозорлардаги мева ва сабзавот нархларининг ошишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Ижтимоий тармоқларда пиёзнинг нархи пойтахтда 10 минг сўмдан ошиб кетгани, вилоятларда эса 7-8 минг сўмдан сотилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди. Platina.uz ушбу ҳолатни ўрганиб, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида бозорлардаги нархлар юзасидан одамлар, сотувчилар ва масъуллар фикрини билишга ҳаракат қилди. Кун саволи эса: “Пиёзнинг нархи нима сабабдан ошди?” https://youtu.be/gn2iCU7uUrk Бу саволга пойтахтдаги “Чорсу” номи билан машҳур “Эски Жува” ва “Фарҳод деҳқон бозор”ларидаги суриштирувларимиз давомида жавоб изладик. Пиёзнинг нархи ҳақиқатдан ҳам ошганига гувоҳ бўлдик. Сотувчилар бу ҳолатни совуқ натижасида кўп миқдордаги пиёз заҳираларининг музлаб қолгани, шунинг ҳисобига қимматлашгани билан изоҳлашди. Аммо бозорларда арзонлаштирилган ярмаркалардаги маҳсулотлар нархи тадбиркорлар сотаётган маҳсулотлар нархидан бироз арзонроқлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Масъулларнинг таъкидлашича эса, бундай оғир шароитда аҳолининг эҳтиёжларини қондириш ва маҳсулотлар нархини балансда ушлаб туриш мақсадида қўшимча заҳиралар ташкил этилган. “Чорсу” бозор маъмурияти вакили пиёзнинг заҳира кўлами 100 тонна, “Фарҳод” бозори маъмурияти эса айнан пиёз заҳираси 40 тонна эканини маълум қилди. Аммо шунга қарамай, пиёз нархи 10 минг сўмдан ҳам сотилаётгани ҳақиқат. Яъни пиёз нархлар ўсиши бўйича юқори кўрсаткичда турибди. Нархнинг бундай ошиши кўпчиликни ўйлантириб қўйгани бор гап. Айни шу муҳокамалар сабаб бугун пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархини барқарорлаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида бўлиб ўтган брифингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги агротехнологиялар бош бошқармаси бошлиғи Зафар Ортиқов муҳим маълумотни очиқлади. Яъни масъулнинг маълум қилишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистонда 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов жорий этилди. Ушбу қарорга сабаб сифатида эса ички истеъмол бозор нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш келтирилди. Достонбек Бахтиёрзода, Platina.uz учун махсус
© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+