Педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилиши кутиляпти

Хусусан: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга педагогларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши; Таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;(Амалдаги қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарликка нисбатан белгиланган жарималар миқдори фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорни ташкил этади)
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини назарда тутувчи нормани киритиш назарда тутилмоқда.(Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Маъмурий қамоққа олиш билан боғлиқ жазо чораси мавжуд эмас) Шунингдек, Жиноят Кодесига ҳам таълим муассасасининг педагог ходимига нисбатан меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган тақдирда ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишини мустаҳкамловчи янги норма қўшиш таклиф этилмоқда. Журналист-ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов бу таклифни жуда тўғри ва муҳим қадамлигини маълум қилган. “Эндиликда депутатларимиз ижро ҳокимиятидан ҳужжат ижросини вақти-вақти билан талаб қилиб турса етади” деб муносабат билдирган журналист-ҳуқуқшунос. Эслатиб ўтамиз: Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ҳам сал аввалроқ ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлганини маълум қилган ва ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарурлиги, мутасаддилардан эса уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраганди.
