Жанубий Фарғона канали қирғоғида ўпирилиш юз берди
Ҳодиса оқибатида Булоқбоши туманидаги маҳаллада жойлашган бир нечта хонадонларга сув кирган.

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан ўтган канал дамбасида ўпирилиш рўй берди.
Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани "Сарвонтепа" МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоқларининг бирига шикаст етганлиги натижасида маълум миқдорда сув сизиб чиққан.
Ушбу маълумот олиниши билан Вилоят Норин Қорадарё Ирригация тизимлари бошқармаси томонидан сув буткул тўхтатилган.
Ҳозирда Андижон вилояти ФВБ раҳбарияти ва керакли бўлган барча куч ва воситалар содир бўлган ҳодисани бартараф этиш учун жалб этилган ва вазият тўлиқ назоратга олинган.
Ҳодиса оқибатида ушбу маҳаллада жойлашган 560 хонадонларга сув кирган. Ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг техникалари ёрдамида сув оқимини пасайтириш ва кирган сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилмоқда.
Вазият тўлиқ назоратга олинган, ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади, ФВВ хабарида.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ ҳам Булоқбоши туманидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали бош қисмидаги қирғоқ ўпирилиши бўйича муносабат берди.
Муносабатга кўра, каналда сув сарфи тўлиқ тўхтатилган. Мазкур тузилма куч тузилмалари ўпирилиб кетган қирғоқда дамба тиклаш ишларини амалга ошираётгани келтирилган.