“Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида ёшлар бандлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда
Пойтахтда ёшлар учун “Келажак Expo” ва “Дипломсиз иш” меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Ушбу лойиҳалар иш берувчилар ва ёшлар ўртасида кўприк вазифасини бажармоқда.
11–13 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Алпомиш” спорт саройида “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида йирик ташкилотлар иштирокида олий таълим муассасалари битирувчи талабалари учун “Келажак Expo” ҳамда мутахассислик талаб этилмайдиган касблар бўйича “Дипломсиз иш” меҳнат ярмаркалари ўтказилмоқда.
Мазкур меҳнат ярмаркаларини ўтказишдан мақсад Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича иш топишлари ҳамда мутахассисликка эга бўлмаган ишсиз ёшларни иш билан таъминлашда кўмаклашишдир.
Меҳнат ярмаркаларида иш берувчи сифатида давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар, йирик тармоқли компаниялар, тижорат банклари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган 200 га яқин юридик шахслар иштирок этишмоқда.
Ташкил этилган тадбирларда иш берувчи ташкилотлар ўз фаолиятлари ҳақида иштирокчи ёшларга батафсил ахборотларни беришди ва ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Тадбир иштирокчилари томонидан меҳнат ярмаркаси иш берувчи ва ишга талабгор ёшларнинг мулоқотлари учун кенг шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди.