Оилавий шифокорлар 1,5 минг долларгача маош оладиган тизим йўлга қўйилади
Тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланади ва пакет доирасида тиббий хизмат ва дори воситалари тўлиқ бюджетдан қопланади.

Эндиликда тиббиёт бригадаси ҳамда унга бириктирилган аҳоли ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи икки томонлама шартнома тузилади. Аҳоли оилавий шифокорни эркин танлайди, бу жараёнларга хусусий оилавий шифокорлар ҳам жалб этилади.
Тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланади ва пакет доирасида тиббий хизмат ва дори воситалари тўлиқ бюджетдан қопланади.
Шунингдек, поликлиникада акушер-гинекологлар 2 баробар кўпаяди. Ҳар 3 минг бола учун 1 тадан педиатр штати янгидан қўшилади.
Бундан буён бирламчи бўғинда ярим ёки 0,25 ставка бўлмайди. Барча шифокор ва ҳамширалар фақат тўлиқ ставкада ишлайди.
Умуман, тумандаги маҳалла ва оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар фаолияти мақбуллаштирилиб, 12 мингдан кўп одамга хизмат қиладиган 7 та йирик поликлиника, қолган 27 таси кичик поликлиника сифатида қайтадан ташкил қилинади.
Тумандаги марказий поликлиника эса туман шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимига айлантирилади. Барча тор соҳа мутахассислари шу ерда ишлайди.
Бу поликлиникаларда оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники 300 доллар бўлади. Оилавий шифокор ва ҳамшира малака сертификати олса, яна шунча устама тўланади.
Агар улар маҳаллада юриб, сурункали касали борларга вақт ажратса, уларни касаллик билан яшаш ва уни бошқаришга ўргатса, онкологик, диабет, инсульт, инфаркт каби касалликларни эрта аниқлаб, оғир асоратларнинг олдини олса, буларнинг ҳисобига тез ёрдам ва стационарга мурожаатни қисқартирса, шифокорга яна 500 доллар, ҳамширага эса қўшимча 300 доллар берилади.
“Бир сўз билан айтганда, оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600-800 доллар ойлик оладиган тизим қиламиз. Бу орқали биз шунчаки ойликни эмас – инсон қадрини оширган бўламиз. Лекин, натижа ҳам шунга яраша бўлиши керак”, - деди Президент.
Энди маҳаллада битта бўлса ҳам инфаркт, инсульт, оналар ва болалар эрта ўлими, сурункали касаллик туфайли орттирилган ногиронлик фавқулодда ҳолат деб қабул қилиниши лозимлиги қайд этилди.