Очилмаган сирлар: отнинг ёлини ким ўриб қўяди?
Отга қараб, қўрқувдан қотиб қолди: байтал тик турибди, унинг ёли ва думларига қандайдир жониворлар ёпишиб олган. Бу мавжудотлар мушукдан сал каттароқ бўлса-да, мушук эмаслиги аниқ эди.

Айрим халқларда, жумладан, ўзбек хотин-қизларининг сочларини ўриб қўйиш кенг тарқалган. Бунда соч толалари ўзига хос тарзда “эшиб, тўқиб” қўйилади.

Бундай ҳолатни отларнинг ёлида ҳам кузатиш мумкин. От ёлларини айрим отбоқар ва пойгачиларнинг ўзлари ҳусн учун ўриб қўйишса, кўп ҳолларда от ёлларининг ўз-ўзидан ўриб қўйилишини кузатиш мумкин. Бу ерда “ўз-ўзидан” деган иборат мунозарали, зеро, баъзи тахминларга кўра, от ёлларини қандайдир жонли ёки сирли мавжудотлар ўриб қўяр эмиш...

От деви ҳақида афсоналар
Туркий халқларнинг афсоналарида отнинг деви бўлади, деган тушунча мавжуд. Яъни одамзотга параллел оламда яшовчи, кўриниб ёки кўринмай юрадиган, жинга ўхшаган мистик мавжудотлар – девлар отнинг ҳамроҳи бўлиб юрар эмиш. Девлар ёрдам бергани учун отлар чидамли, бақувват, тезкор ва ақлли бўлар эмиш.
Марҳум ўзбек адиби Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссасида ҳам шу ҳақда ёзилган. Асарда айтилишича, отлар йилда бир марта ўз девини кўрар экан.
Отларнинг ёнида қандайдир ғайриоддий мавжудотлар – ажиналар ўралашиб юришини, от ёллари ва думларини арқондек ўриб ётишганини кўрганлар – отбоқар ва чўпонлар ёки тасодифий гувоҳлар талайгина. Уларнинг ҳаммасини ҳам руҳий бемор, шунчаки визуал галлюцинацияга учраган, яъни уларнинг кўзига йўқ нарсалар кўринган деб бўлмайди. Бироқ тажриба орқали, илмий йўл ҳамда далиллар билан исботланган маълумотлар йўқ, албатта.
Тасодифий учрашув
...Абдуҳаким учун бугун масъулиятли тун. Бувисининг ҳисоб-китобларига қараганда, тарғил сигири бугун-эрта туғиб қолиши керак. Шунга Абдуҳаким тунда сигирдан хабар олиб турмаса бўлмайди. Қиш эмасми, ҳаво совуқ, янги туғилган бузоқчани дарров ўраб, четга олинмаса, ўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Сигир туққан бузоғининг шилимшиқ ва ҳўл жунларини ялаб қуритади-ю, лекин қуришга улгурмасдан совқотиб қолиши ҳам мумкин...
... Уйда телефон титкилаб ўтирган Абдуҳакимнинг кўзи энди илинган экан, қўлидаги телефон гиламга “тарс” этиб тушиб кетди-да, уйқусини очиб юборди. “Сигирдан хабар олиб, кейин бироз ухлаб оламан” деган хаёлда оғилхонага шошилди. Чироқни ёқиб, оғилхонага назар солди. Бошқа моллардан алоҳида қилиб, ўралашиб қолмаслиги учун арқони узун қилиб боғланган тарғилнинг ҳали-бери туғиш нияти йўққа ўхшарди: қорни тарвақайлаб кетган сигир ялпайиб ётганча кавш қайтаряпти. Аммо нафас олишлари оғир. Ҳар-ҳар замон оғир пишқириб қўяди. Шу пайт сигир безовталаниб, ўрнидан турди. Бир муддат каловланди-да, яна ерга ётиб олди.
Абдуҳаким сигирга бироз қараб тургач, чироқни ўчириб, оғил эшигини ёпди. Бира-тўла отлардан ҳам бир хабар олиш мақсадида, оғилхонага туташ қилиб солинган отхона томонга ўтди. Отаси тириклигида бу жойда камида 4-5 от боғланган турарди. Ҳозир битта байтал қолган. Укалари молларни далага ҳайдашда миниб туришади баъзан.
Абдуҳаким отхона эшигини очишга қийналиб, бир пас тараддудланиб қолди. Совуқдан бармоқлари қотдими ёки битта қўли телефон билан банд бўлгани учунми, эшикка илинган занжирни илгакдан чиқаришга бироз қийналди. Телефон нурини тутиб, ниҳоят илгакни суғурди-да, ёғоч эшикни катта очиб, ичкарига қадам қўйди. Ўнг тарафдаги деворга михлаб қўйилган тахта устидаги ёққични қўли билан пайпаслаб топиб, чироқни ёқди. Ёқдию, отга қараб, қўрқувдан қотиб қолди: байтал тик турибди, унинг ёли ва думларига қандайдир жониворлар ёпишиб олган. Бу мавжудотлар мушукдан сал каттароқ бўлса-да, мушук эмаслиги аниқ эди. Уларни кичкина, сочи пахмоқ ва юзлари буришган одамчалар деб тасвирласак, янада аниқроқ бўлар балки.
“Пахмоқ одамчалар” ҳам чироқ ёқилганидан чўчиб кетишган шекилли, бошчаларини илкис ўгириб, қимирламасдан унга қараб туришар эди. Митти ва сарғиш кўзлари чироқчадек ёниб турибди. Жажжи ва суякдор бармоқчалари билан от ёлига ёпишиб олишган... Абдуҳаким яна анча қотиб туриши мумкин эди, аммо “пахмоқ одамчалар”нинг бири от ёлидан сирғалиб, ерга тушди-да, Абдуҳакимга юзланиб, ғазаб билан қаради. Ҳа, айнан ғазаб билан қаради: одамчанинг юзлари буришиб кетган, тиришиб, қимтилган лаблари қийшайиб, орасидан маккажўхори донасидек майда ва сарғиш тишчалари бироз кўриниб турарди. Абдуҳакимнинг назарида у ҳатто тишчаларнинг ғижирлашини ҳам эшитди. Эҳтимол унга шундай туюлгандир, эҳтимол ростан ҳам ғижирлагандир, бироқ ранги оқариб, нафаси ичига тушиб кетган йигитнинг буни аниқлаш нияти йўқ эди. “Пахмоқ”нинг отдан тушганининг ўзиёқ Абдуҳаким учун зўр туртки бўлди. У кўкрак қафасидан чиқиб кетгудек бўлиб тарсиллаб ураётган юрагини чопони устидан ғижимлаганча ташқарига отилди...
Абдуҳаким лаблари гезарганча югуриб бориб, акасини уйғотди. Тутилиб-дудуқланиб, оғилхонада кўрганларини қисқача тушунтиришга уринди. Ака-ука ўроқ ва белкурак билан қуролланиб, оғилга қайтишди. Чироқ ҳамон ёниқ, эшик эса очиқ турарди. Улар икки киши бўлишгани учун, анча дадилланиб, қўрқувдан қалтирашаётганини бир-бирларига сездирмасликка уриниб, секингина ичкарига мўралашди. Оғилхонада отдан бошқа ҳеч зоғ йўқ эди.
Ака биринчи бўлиб ўзига келди. “Мана кўрдингми, ҳеч нарса йўқ, кўзингга кўринган... балки мушуклар бўлгандир” деди-да, укасининг елкасига енгил туртиб қўйди. Абдуҳаким отга яқинлашиб, охур ичига мўралади. Отнинг атрофини гир айланиб кўрди. Шифтга ҳам тикилди. Бироқ ҳеч нарса топилмади. Оғилхонада ака-ука ҳамда ҳеч нарсадан хабари йўқ байталдан бошқа ҳеч бир тирик мавжудот йўқ эди...
Тасодифий ўралиш
Отларнинг ёллари ҳам инсон сочига ўхшайди. Ювиб, тозалаб турилмаса, унга майда хас-хашак ва шохчалар илашади. Ёл эскириб, бурала бошлайди. От ерга ағанаши, ён-атрофдаги дарахт, бута ва бошқа буюмларга суркалиши мумкин. Ҳаво ҳароратининг ўзгаришлари ёл толаларига физик таъсир кўрсатиши мумкин. Натижада от ёли одам сочидан қалинроқ бўлгани учун пахмоқлашмайди-да, толалари бир-бири билан тасодифан чирмашиб, ўралиб қолади.
Бироқ бу тахмин билан, нега умуман ташқарига чиқарилмайдиган, парваришлаб, ёки ёллари ювиб, тараб турилган отларнинг ҳам ёллари ўрилиб қолишини тушунтириб бўлмайди.
Буни симли қулоқчинлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бундай қулоқчинлар сумкача ёки чўнтакда бошқа буюмлар билан қоришиб юрса, вақт ўтиши билан шундай чувалашиб, чигиллашиб кетадики, ечиб олишга қийналади одам. Худди биров атайлаб чалкаштириб, тугиб ташлаганми, деган хаёлга ҳам борасиз.

Сирли маҳлуқлар аралашуви
От ёлининг сирли равишда ўриб қўйлишини славян халқларида ҳам кўп кузатишган ва изоҳ топишга уринишган.
Масалан, россиялик зоомуҳандис Анастасия Калининанинг айтишича, лотинча номи Mustela nivalis бўлган ҳайвонча отларнинг ёлини ўриб қўяди.
Рус тилида Ласка – (турчада – bayağı gelincik, татарчада – ятчә, инглиз тилида – least weasel, озарбайжонча – adi gəlincik, қозоқча – аққалақ, саха тилида мунгур (киил) деб аталувчи бу жонивор каламуш ва олмахонга ўхшаб кетадиган сут эмизувчи ҳайвон. У отхонага кўпинча каламушсимон кемирувчиларга эргашиб кириб қолади. У тузсираган пайтида отларнинг шўр терини ялайди.

Славян афсоналарига кўра, “домовой”, яъни уй ажиналари отларни ёқтирмаса ёки кўз теккан даволаш учун отларнинг ёлини ялашади ва ёлларини ўриб қўйишади. Лекин айтишларича, ласкага така эчкининг сассиқ ҳиди ёқмайди. Шу сабабли, славян халқлари аввал отлар ёнига битта эчки бойлаб қўйишган. Буни ҳам ласкани чўчитиш, ҳам отлар зерикмаслиги учун қилишган.
Бироқ бу версияларга зид тахминлар бор. Ласка отни терини ялаб тозалайди, дейишади, аммо ласка “ишлов берган от”, аксинча, баттар терга ботиб кетади. Ласканинг от ёлига ёпишишининг сабаби – ласканинг жунларидаги бурга, бит ва бошқа майда паразит ҳашаротлар отнинг терлаган сувига чидай олмай ўлиб қолади ёки тушиб кетиши билан боғлиқ эмиш. Шу боис, ласка ўзини тозалаш учун от ёлига ўралашиб юрар эмиш.
Бироқ бу тахминлар бизнинг ҳудудларга тўғри келмайди. Ласка ҳайвони умуман бизнинг ҳудудларда учрашига шубҳа бор.
Сир-синоатга бой дунё
Инсон бор экан, у ҳар доим табиат ва борлиқ оламидаги сир-асрорларга қизиқиб яшайди. От ёлини ким ўриб қўйиши борасида ҳамон аниқ хулоса йўқ. Эҳтимол рақамли технологиялар ривожланган ва илм-фан имкониятлари кенгайган ҳозирги замонимизда яширин видеокамералар орқали кузатиб, мазкур сирнинг тагига етишар. Бироқ ҳозирча у тахмин ва афсоналар туманига ўралган сир бўлиб қолаверади.
Абулфайз Сайидасқаров