«Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситаларининг савдоси 22 декабрдан вақтинча тўхтатилди
Жамият
22 декабрь 2022 йил
Ижтимоий тармоқларда Самарқандда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситаларини қабул қилган болаларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазирлик хабарига кўра, фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу вазиятни дарҳол назоратга олди. Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида агентлик ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг малакали мутахассислари томонидан тезкор мутахассислар гуруҳи тузилган.
Маълум бўлишича, Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонинг Марион Биотеч Пвт. Лтд компаниясига тегишли «Док-1 Макс» таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади.
Ушбу дори воситаларининг юртимиздаги савдоси 2022 йил 22 декабрдан вақтинча тўхтатилди ва бу ҳақда “Quramax Medical” МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилди, дейилади вазирлик хабарида.