Гиёҳвандликка қарши курашда замонавий техникалар қўл келади
Европа Иттифоқидан юборилган махсус техникалар синтетик гиёҳванд моддаларининг интернет, мессенжерлар ва аноним тўлов тизимлари орқали тарқатилиши билан боғлиқ замонавий таҳдидларда ёрдам беради.
Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Европа Иттифоқининг CADAP дастури доирасида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идораларига замонавий техника ҳамда махсус ускуналар топширилди.
Мазкур тадбир Марказий Осиёда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний тарқалишининг олдини олиш, техник имкониятларни кенгайтириш ва реал вақт режимида ахборот алмашинувини йўлга қўйишга қаратилди.
Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, CADAP дастури раҳбарияти, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Наркотик моддаларни назорат қилиш қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат жамғармаси ҳамда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон томони гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида кўрсатилаётган кенг қамровли ёрдам ва барқарор шериклик учун Европа Иттифоқига миннатдорлик билдирди.
CADAP дастури Европа Иттифоқи ташаббуси билан 2001 йилда йўлга қўйилган бўлиб, Марказий Осиё давлатларида гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмаси ва уларнинг Европага транзитини чеклаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Дастур доирасида шу кунгача 800 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассислар Европанинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда халқаро марказларида малака ошириб, илғор тажрибаларни ўзлаштирган. CADAP дастури директори Эрнест Робеллонинг сўзларига кўра, топширилган техник воситалар нафақат техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, балки давлатлар ўртасида ахборот алмашинуви ва тизимли ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Тадбирда, шунингдек, синтетик гиёҳванд моддаларининг интернет, мессенжерлар ва аноним тўлов тизимлари орқали тарқатилиши билан боғлиқ замонавий таҳдидларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мазкур ҳамкорликни янада чуқурлаштириб, трансмиллий гиёҳвандлик жиноятчилигига қарши курашиш йўлида изчил ҳамкорликни давом эттиришга қатъий ишонч билдирди.